ТОШКЕНТ, 4 май — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев "Тошкент шаҳридаги халқаро аэропортга Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номини бериш тўғрисида"ги қарорни имзолади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ҳукумат порталида хабар қилинмоқда.
"Тошкент" халқаро аэропорти" давлат унитар корхонасига Ислом Каримов номи берилсин. Тошкент халқаро аэропорти инфратузилмаси фаолияти самарадорлигини янада ошириш ҳамда йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини тубдан яхшилашга доир комплекс чора-тадбирлар дастурининг ҳар томонлама тайёрланишини ва асосланишини таъминлаш мақсадида иловага мувофиқ таркибда Махсус комиссия ташкил этилсин", дейилади қарорда.
Қарорга кўра, бир ой муддатда ишлаб чиқиладиган Комплекс чора-тадбирлар дастурида режим-қўриқлаш чора-тадбирлари тизимларини такомиллаштириш, аэропортда замонавий, шу жумладан, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ҳисобига йўловчиларнинг божхона, чегара ва иммиграция тартиботларидан ўтиш вақтини қисқартириш кўзда тутилган.
Шунингдек, мавжуд таркибни танқидий таҳлил қилиш ҳамда божхона, чегара ва иммиграция хизматлари, ички ишлар органлари ва аэропортда хизмат кўрсатиш инфратузилмаси ходимлари барча тоифаларини танлашга нисбатан талабчанликни ошириш, улар томонидан хизмат ваколатларининг ҳар қандай тарзда суиистеъмол қилинишининг олдини олиш ва уларга барҳам бериш таъминланади.
Пойтахтга ва республикага келадиган йўловчилар, меҳмонлар ва хорижий делегацияларга хизмат кўрсатишнинг юқори даражаси, аэропортнинг тегишли инфратузилма хизматлари фаолияти самарадорлигини таъминланиб, йўловчиларга хизмат кўрсатиш ва уларнинг багажи билан ишлашнинг технологик жараёни оптималлаштирилади.
Бундан ташқари, кузатиб қолувчилар ва кутиб олувчилар учун зарур шарт-шароитлар яратилиб, махсус ажратилган ҳудудда автотранспортлар тўхташ жойлари ташкил этилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 25 январда "Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида"ги қарорга имзо чекканди.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.