ТОШКЕНТ, 4 май — Sputnik. Европол раҳбари Роб Уэйнрайт Telegram мессенжери Европа Иттифоқи полиция хизмати билан террорчиликка қарши курашиш масаласида ҳамкорлик қилишни истамаяпти, деб таъкидлади. РИА Новости хабари асосида.
"Биз билан шунчаки ҳамкорлик қилмаётганлар бор. Хусусан, Telegram бизларга катта муаммолар келтириб чиқармоқда",- деб таъкидлаган Уэйнрайт Times нашрига.
Экстремистлар маълумотлар алмашиш ва тарғибот учун кўп ҳолатларда оммабоп ижтимоий тармоқ платформаларидан фойдаланишган. Facebook ва Google сингари технологик гигантлар эса тармоқдаги экстремистик материалларга қарши курашиш борасида кўпроқ ишларни амалга оширишни талаб қилаётган ҳукумат босимига тушган.
Times нашрининг ёзишича, "Ислом давлати" террорчилик уюшмаси жангарилари тарғибот-ташвиқот, ёллаш ва "кўнгиллилар" устидан назорат қилиб бориш учун Telegramдаги бепул хизматлардан кенг фойдаланишган.
Куни кеча, Лондон шаҳрида хавфсизлик масалалари бўйича ўтказилган анжуманда нутқ сўзлаган Уэйнрайт "ИД" ўз ижтимоий тармоғини яратиш бўйича иш олиб бораётганини хабар қилган. Террорчиларнинг бундай йўл тутишларига разведка хизматлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда технологик сектор томонидан бўлаётган кучли босим сабаб бўлган.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.