ТОШКЕНТ, 2 май — Sputnik. Ўзбекистон 9 Майни — Ғалаба кунини кутиб олишга тайёргарлик кўрмоқда. Ўзбекистонда ушбу байрам 1999 йилдан бошлаб Хотира ва қадрлаш куни деб аталади.
1941 йилда аҳолиси олти миллионни ташкил қилган Республикадан 1,4 млн киши ватан ҳимоясига йўл олган ва улардан 530 минги уйига қайтмаган. Ундан ташқари ўша оғир йилларда Ўзбекистон Совет Иттифоқининг уруш бўлаётган ҳудудларидан юз минглаб етим болаларни, уй-жойсиз қолган оилаларни кутиб олиб, ўз нонини улар билан баҳам кўрган.
Ушбу матонатли йилларда Ўзбекистон халқи кўрсатган бағри кенглик ва меҳрибонлик тилларда достон бўлди — десак адашмаймиз.
Бугунги кунда Республикада Уруш қаҳрамонларидан бор-йўғи 1615 киши қолган. Бу йил уларнинг ҳар бири 2 миллион сўмлик мукофот билан тақдирланди. Эслатиб ўтамиз, ўтган йили ушбу мукофот миқдори — 800 минг сўм эди.
Ушдан ташқари, бу йил Уруш фахрийлари билан боғлиқ яна бир катта ўзгариш сезилмоқда: Иккинчи жаҳон уруши ветеранлари фото ва теле камералар олдида, нафақат Ўзбекистон мукофотлари, балким, барча жанговар медал ва орденлари билан, кўкракларини тўлдириб суратга тушмоқдалар.
Хўш, олдинги йилларда мукофотларни тақишга уларга нима халал берган экан?
"Икки йил олдин шундай воқеанинг гувоҳи бўлган эдим. Таниқли ветеранга фотожурналистлар нашрда чоп этиш учун, Совет даврида берилган мукофотларини ечиб суратга тушишни таклиф қилишганда, уруш фахрийси бундан ғазабланиб, кескин рад жавобини берган эди", - деб ёзади журналист.
Шундан кейин ветеран ёш журналистларга ўз мукофотлари тарихини сўзлаб беради. Ҳар бир мукофот бу оддий темир безак эмас, унинг ортида мисли кўримаган қаҳрамонлик бор.
"Тасаввур қилинглар-а, ўнта пичоқ билан қуролланган босқинчи ҳужум қилмоқда. Сизлар бир ёки икки киши бўлиб уларга қарши чиқа оласизларми?", — деб сўраган экан ветеран журналистлардан.
Журналистлар жимиб қолган.
"Мен эса, ўзимнинг кам сони жангчиларим билан муҳим тепаликни уч кун давомида ҳимоя қилганман. Бизга қарши юзлаб фрицлар, артиллерия ҳатто танкларни ҳам юборишган. Жанг сўнггида бутун тепалик фашистлар жасадига тўлиб кетган эди. Бизникиларнинг ҳам деярли ҳаммаси қурбон бўлди — мен учун медалнинг баҳоси мана шундай", — деб сўзини якунлаган оқсоқол.
Шундан кейин ҳам ундан медалларини ечишни сўраган журналистларни, ветеран уйидан ҳайдаб чиқарган экан.
"Ҳозир ким ва нима сабабдан Совет даврида берилган орден ва медалларни ечишга мажбур қилганини ҳеч ким айта олмайди, лекин афсуски, бизда шундай шармандали амалёт бўлган…",- деб хулоса қилади журналист.
Ўтган йилларда ОАВлар фаолиятида ветеранлар билан боғлиқ яна бир қизиқ "ҳолат" кузатилган. Телевизорда ёки газетага интервью берган ветерандан уруш ҳақида, қаҳрамонлик ҳақида ҳеч нарса сўралмаган, фақат унинг урушдан кейинги фаолияти ва "бугунги бахтиёр ҳаёти" ҳақида сўз юритилган.
Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги ўтмиши — бу уятли ўтмиш эмас! Аксинча, ўша йилларда Ўзбекистон халқи — қаҳрамонлик, бағрикенглик, ва меҳрибонлик намунасини кўрсатган. Бундай ўтмишдан кўз юмиш — катта хато ва ақлсизликдир.
Агар уруш фахрийларининг жангдаги матонати ва қаҳрамолиги уларнинг жонли мисолида ёритилмаса, ёшларни қандай қилиб Ватанга муҳаббат ва Ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мумкин?
Подробно.уз мақоласи асосида.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.