ТОШКЕНТ, 2 май — Sputnik. Яқинда ташкил этилган Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигида фаолият кўрсатувчи ходимлар сони 1167 кишини ташкил этади, деб хабар бермоқда nuz.uz президентнинг "Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги қарорига асосланиб.
Вазирликнинг пойтахтнинг Юнусобод туманидаги Ниёзбек йўли, 1-уйда жойлашадиган бош идорасида 92, Қорақалпоғистон Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигида 26, Тошкент шаҳар Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бош бошқармасида 56, вилоят бошқармаларида 252, туман бошқармаларида 654 нафар ходим ишлайди.
Вазирлик таркибидаги Кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясида 68, "Коммунхизмат" агентлигида 19 киши фаолият кўрсатади.
Қорақалпоғистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, вилоятлар ҳокимликлари уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармалари, Тошкент шаҳар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бош бошқармаси ҳузурида «Таъмирлаш-тиклаш хизмати» давлат унитар корхоналари ва уларнинг шаҳар ва туман филиалларини ташкил этиш кўзда тутилган. Ташкил этиладиган ушбу унитар корхоналар зиммасига кўп хонадонли уй-жой фондини мавсумий фойдаланишга ўз вақтида ва сифатли тайёрлаш, кўп хонадонли уй-жой фондини капитал ва жорий таъмирлаш ҳамда унга туташ ҳудудларни ободонлаштириш вазифалари юклатилган.
Фармонда вазирлик таркибида Уй-жой коммунал хўжалигини ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш ва унинг маблағларини, биринчи навбатда, кўп хонадонли арзон уй-жой фонди, сув таъминоти, канализация ва иссиқлик таъминоти объектларини қуриш, капитал ҳамда жорий таъмирлаш, махсус техника ва ускуналар, машина ва механизмлар билан таъминлаш ҳамда бошқа мақсадларга йўналтириш кўзда тутилган.
Уй-жой коммунал хўжалигини ривожлантириш учун жалб этиладиган кредитлар, жумладан, халқаро молия институтлари ва банкларнинг имтиёзли кредитлари, Кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси томонидан солинадиган жарималардан тушган маблағлар, ичимлик суви таъминоти хизматлари учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳудудий молия органлари билан келишган ҳолда белгилайдиган махсус устамалар, шунингдек, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар Жамғарма манбалари ҳисобланади.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.