ТОШКЕНТ, 29 апр — Sputnik. Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов шанба куни апрелнинг охирги якшанбасида нишонланадиган Туркман тулпори куни муносабати билан ўтказилган пойгада ғолиб бўлди, деб хабар қилди РИА Новости.
1,2 километр масофага чавандозлар пойгаси президентнинг Ахалтекин йилқичилик мажмуасида бўлиб ўтди. Унда президентдан ташқари мамлакатнинг беш вилояти ва Ашхобод шаҳридан олти нафар энг тажрибали чавандозлар қатнашди.
Маълум қилинишича, президентнинг Мерос лақабли отини давлат раҳбарининг набираси Керимгули Бердимуҳамедов боққан ва пойгага тайёрлаган. Туркманистон президенти ўз отида маррага 1 дақиқа 25 сонияда етиб келди ва бош соврин — Toyota Land Cruiser Prado автомобилига эга бўлди.
Давлат раҳбари автомобиль калитини мамлакат қишлоқ хўжалиги вазири Эсенмирад Оразгелдиевга берган ва "Оразгелдиев, мен ушбу совринни йилқичиларимизга расман топшираман", деган.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.