ТОШКЕНТ, 27 апр — Sputnik. GM Uzbekistan акционерлик жамияти бутунлай янгиланган Chevrolet Malibu бизнесс-тоифа седанини ишлаб чиқаришга киришди, деб хабар берди Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Янги авлод автомобили нафақат тежамкор ва технологик хусусиятларга эга бўлди, балки унинг хавфсизлик ва қулайлик даражаси бўйича кўрсаткичлари ошди. Malibu автомобиллари компаниянинг Тошкентдаги филиалида SKD технологияси бўйича йиғилади.
"Янги модель илгаригисидан ташқи ва ички жиҳозланиши билан тубдан фарқ қилади. Унга қуввати 186 от кучига эга 2,5 литр ҳажмли двигатель, ёнилғи сарфини 100 кмга 10,8 литргача камайтириш имконини берувчи 6 поғонали янги авлод автоматик узатмалар қутиси ўрнатилади", — деб маълум қилди компания матбуот хизмати.
Янги автомобилнинг хавфсизлик хусусиятига келсак, у 8та хавфсизлик ёстиқчаси билан жиҳозланади.
Malibu салонида диагонали 7 дюймли Touch Screen дисплей бўлади. Автомобилга шовқинни пасайтириш тизими ўрнатилади. Бундан ташқари, уни масофадан калитсиз бошқариш — двигателни ёндириш ва ўчириш, эшик ва юкхона бўлимини масофадан очиш ва беркитиш мумкин бўлади.
Ўзбекистон бозорида автомобиль тўрт хил — оқ марварид, оқ тутун, тўқ кулранг ва қора рангларда ишлаб чиқарилади.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.