ТОШКЕНТ, 26 апр — Sputnik. Банк соҳасида "иш қиладиган" чет эллик фирибгарлар орасида Марказий Осиё мамлакатларига қизиқиш тобора кучаймоқда, деб хабар қилди журналистларга IT-SAS компаниясининг фирибгарликка қарши курашиш амалиёти раҳбари Дмитрий Коновалов. Спутник Қирғизистон хабари асосида.
Чоршанба куни Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида "молия соҳасида юзага келиши мумкин бўлган хатарларни бошқариш ва фирибгарликка қарши курашиш" мавзусида анжуман ўтказилди.
Коновалов Қирғизистондаги банк соҳасида ўзига хос пойга кузатилаётганини таъкидлаган.
"Мана шу пойгада кўпинча хавфсизликни таъминлаш масаласи инобатга олинмайди ёки у олд масалалар қаторига киритилмайди. Банкларнинг бош мақсади — мижозларни жалб қилиш ва фойда олиш. Маълум бир босқичда бу муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Яқинда Қозоғистонда банкларга киберҳужумлар тўлқини уюштирилгани кузатилди", — деди эксперт.
Коноваловга кўра, бугун фирибгарлик сарҳад билмайди: бир мамлакатда ўтирган ҳолда, бошқа давлатдан пулларни ечиб олиш мумкин. Жиноятчилар ҳам мудрагани йўқ, улар қаердан кўпроқ даромад олиш мумкинлигини кузатиб, ўрганишади.
Эксперт банклар ўз мижозлари ҳисоб рақамлари ҳақида маълумотлар учинчи шахслар қўлига тушмаслигини назорат қилишлари ва маълумотлар ҳимоясини таъминлаш устида ишлашлари зарурлигини қўшимча қилган.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.