Қашқадарёда фуқаролар номига сохта кредит расмийлаштирган фирибгар-банкирлар қўлга олинди

© Sputnik / Tutov / Медиабанкка ўтишҚўлга олинган жиноятчи
Қўлга олинган жиноятчи - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Жиноий гуруҳ аъзолари оддий фуқароларнинг паспортини қўлга киритгач, маҳалла қўмиталаридан зарур маълумотномаларни олишнинг иложини топиб, шундан сўнг, сохта кредит расмийлаштирганлар. Шундай қилиб, 222 киши ўзи бундан бехабар тарзда банк олдида қарздор бўлиб қолган.

ТОШКЕНТ, 10 май — Sputnik. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари юртимизда банк соҳасида фаолият юритган бир гуруҳ жиноятчиларни қўлга олди, деб хабар қилди Sputnik мухбирига ИИВдаги манба.

Жиноий гуруҳ раҳбари — 52 яшар Юсуф Орзиқулов Ўзбекистон республикаси давлат-тижорат “Халқ банки”нинг Қашқадарё вилояти филиалига раҳбарлик қилган. Жиноий схемага жами 20дан зиёд киши, ўнлаб фирмалар ва региондаги фермер хўжаликлари жалб қилинган. Жиноятчилар бир неча йил давомида 500 миллион сўмдан зиёд маблағни ўмарганлар.

Ўзбекистонда 2006-йилдан буён Тижорат банклари томонидан шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликларига чорвачиликни ривожлантириш учун имтиёзли мақсадли микрокредитлар бериш тўғрисидаги Низом амал қилиб келади. Ушбу Низомга мувофиқ банклар шахсиё ёрдамчи ва деҳқон хўжаликларига чорвачиликни ривожлантириш учун энг кам иш ҳақи(энг кам иш ҳақи миқдори — 130240 сўм)нинг 80 бараваригача микрокредитлар ажратиш ҳуқуқига эга.

Банкдан пулни олиб чиқишнинг оддий схемасини ўйлаб топган фирибгарлар, юқоридаги Низомдан ўз фойдаси йўлида фойдаланганлар.

Янги туғилган чақалоқ - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбекистонда янги туғилган чақалоқлар савдоси билан шуғулланувчи жиноий гуруҳ фош қилинди
"Қашқадарё вилоятида микрокредитларни бериш Юсуф Орзиқулов раҳбарлигидаги “Халқ банки”нинг вилоят филиали тасарруфига топширилган эди. Орзиқулов бошчилигида унинг ўринбосари Собир Искандаров, операциялар бўлими бошқарувчиси Ёқубжон Мамашаев, кредитлаштириш бўлими раҳбари Ҳамза Назаров, шу бўлимнинг бош мутахассиси Одил Диёровлар ҳам фирибгарлик ишларида тенг қатнашганлар", — деб хабар қилди манба.

Жиноий гуруҳ аъзолари оддий фуқароларнинг паспорти ва паспорт нусхаларини қўлга киритиб, маҳалла қўмиталаридан керакли маълумотномаларни олиш йўлини ҳам ўйлаб топишган, ҳужжатлар тахт бўлгач эса, фуқаролар номларига кредитларни расмийлаштиришга киришганлар. Шу тариқа, ўзлари бундан бехабар 222 киши банк олдида қарздор бўлиб қолган.

Суҳбатдошнинг сўзларига қараганда, одамлар уларнинг уйларига қарз тўланиши зарурлиги ҳақида билдиришномалар кела бошлагач, ўзларининг банкдан қарздорлиги тўғрисида хабар топганлар.

"Жиноятчилар ўзларининг жазосиз қолишларига шу қадар ишонишганки, ҳатто, бутун бошли оилаларнинг паспортларини ўғирлаб, оиланинг барча катта ёшдаги аъзолари номларига кредит расмийлаштиришгача борганлар. Мисол учун, Бекмуродовлар оиласи худди шундай фирибгарлик қурбонига айланган: оиланинг ҳар бир аъзоси бўйнига 2 миллион сўмлик кредит илиб қўйилган. Тошмуродовлар, Қаршиевлар, Аҳмедовлар, Авазовлар, Яратовлар, Янгибоевлар ва бир неча ўнлаб оилалар ҳам худди шундай муаммога дуч келишган”, — деб таъкилдади манба.

Қисқа вақт ичида Орзиқулов ва унинг шериклари банкдан 564 миллион сўмни ўзлаштиришга муваффақ бўлганлар.

Манба берган маълумотларга кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари жиноий гуруҳ фаолиятини фош қилиб, жиноятчиларнинг барчасини қўлга олишга муваффақ бўлган. Товламачилар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жазоланган.

Янгиликлар лентаси
0