ТОШКЕНТ, 24 апр – Sputnik. Ўзбекистонда майда пул муаммоси борлигини кўпчилик яхши билади. Facebookдаги "Потребитель.уз" гуруҳи фойдаланувчиларидан бири қолдирган хабар айни дамда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
“Конфет ва гугурт кўринишидаги “миллий валюта” жонга тегди, унга ҳеч нарса сотиб олиб бўлмайди. Бугун нон учун 600 сўм ва ўтган сафар қайтимга берилган бир қути гугуртни бердим. Нон беришмади. Жанжал қилишга тўғри келди. Бизда майда пул ўзи қаерга йўқолган?”, — деб ёзди Facebook фойдаланувчиси Владимир.
“Мен ҳам магазинда пул ўрнига ўтган сафар ўзлари берган гугурт ва сақични бердим. Мега жиннига қарагандек қарашди, нон ҳам беришмади. Нима сизларга мумкин-у бизга мумкин эмасми? Менга ҳам керак эмас сизларнинг гугурту сақичларингиз”, — деб ёзади Милана исмли яна бир фойдаланувчи.
“Магазин озиқ-овқат маҳсулотини (конфет ёки сақични) қайтариб олишга ҳаққи йўқ. Ким билади, балким сиз унинг ичига тупуриб қайтараётгандирсиз”, — деб ёзади Феруза Юлдузга жавобан.
“Мен эса, майда нонни фақат пластикка сотиб оламан. Нафақахўр қўшним ҳам майда харажатлар учун пенсиясининг бир қисмини атайлаб пластикка ўтказиб олади”, — деб ёзади Елена исмли яна бир фойдаоланувчи.
“Карточка билан нонга пул тўлайдиганларга “халқ душмани”га қарагандек қарашади. Таажуб”, — деб ёзади Лола.
“Мен бир сафар 600 сўмга иккинчи сафар 700 сўмга нон сотиб оламан. Агар ҳар доим битта магазинда савдо қилсангиз, шундай қилиб муаммони ҳал қилса бўлади. Сотувчилар мени яхши танийди”,- деб ёзади Валентина исмли фойдаланувчи.
“Лукошко” номли магазинда 50 сўм ўрнига купон беришади, кейин уни яна орқага қайтариб олишади”, деб ёзади Юлия.
“Менга аптекада қайтимига ҳар доим цитрамон беришади. Уйда цитрамон бир вагон бўлди. Ҳеч кимга керакмасми?”, — деб ҳазиллашади бошқа бир фойдаланувчи.
“Тушунаман бу арзимаган пул, лекин ҳар доим мана шу майда чуйдалардан қанча пул срафланади. Нондан 50 сўм, автобусдан 100 сўм, бошқа жойдан қайтим бермаса бир кунда 1000 сўмгача бориши мумкин бундай йўқотишлар. Агар киши қўшимча даромади йўқ, ҳар бир сўми ҳисоб-китобли бўлган нафақахўр бўлса-чи?”, деб ёзади Валентина исмли аёл.
“Улар бизнинг қайтимимизга бизга керак бўлмаган маҳсулотни мажбурлаб сотишмоқда. Бу шармандалик. Бундай нарса бошқа ҳеч қайси мамлакатда йўқ”, — деб ёзади яна бир фойдаланувчи.
“Бунга бизнинг ўзимиз айбдор. Қўйиб берганмизда”, — деб хулоса қилади бошқа бир фойдаланувчи.
Қонун бўйича бу — харидорни мажбурлаб қўшимча маҳсулот сотиш дейилади. Дўкон қайтим беришга мажбур. Агар майда пул бўлмаса банкдан буюртма бериб олиб келишга мажбур. Банкларда майда пул ҳар доим бор. Лекин ҳеч ким бундай қилмайди. Харидорларнинг аксарияти ҳеч нарса демагани учун, дўкончилар муаммони ўз билганича, ўзига қандай қулай бўлса шундай йўл билан ҳал қилади. Бу билан қонун бузилаётгани, бировнинг ҳуқуқи поймол қилинаётгани билан ҳеч кимнинг иши йўқ.
Балким харидорлар дўконларга нисбатан талабчанроқ бўлишлари керакдир? Қайтимни пул билан бер деб туриб олиш керакдир? Лекин, маълумки ўзбекистон халқи жанжалкаш эмас, сабр-тоқатли. Хўш, энди чидамли экан деб, бошига чиқиб олиш керак-ми? Чидамли халқнинг ҳам бир кун сабр косаси тўлиши мумкин.
"50 сўмлик сариқ бўлиши эсимдан ҳам чиқиб кетибди", — деб ёзади Файзулла.
Европа мамлакатлари, Россия умуман ривожланган мамлакатларда бўлган ўзбекистонликлар у ердаги магазинлар харидорларга қайтимини тийин-тийинигача санаб беришининг гувоҳи бўлишган.
Биринчидан, бу харидорга бўлган ҳурмат, иккинчидан, энг оддий маданият белгисидир. Бирорвнинг ҳақи бир тийин бўлса ҳам бировники. Наҳот шуни тушуниш қийин бўлса? Иккинчидан, 50 сўм арзимаган пул бўлса, унда харидорга нони 50 сўмга арзонроқ сотинглар. Ҳеч бўлмаса нафақахўрларга. Бундай гап ҳеч кимга ёқмайди.
Қонун бузишнинг катта кичиги бўлмайди. Қонуннинг ҳар бир банди муҳим. Ўзини ва бошқаларни ҳурмат қилган фуқаро, магазин, фирма, ёки хусусий тадбиркор қонун талабларини аниқ ва тўлиқ бажариши шарт.
Балким ривожланишнинг кейинги босқичини мана шундай оддий нарсалардан бошлаш керакдир?
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.