ТОШКЕНТ, 22 апр — Sputnik. Ўзбекистон президенти "2017-2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида"га қарорни имзолади, деб хабар беради Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Мамлакатда қаттиқ маиший чиқиндиларни ташиб кетишни ташкил этиш ва улардан фойдаланиш соҳасида хусусий тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш борасида ҳали ҳал этилмаган қатор муаммолар мавжудлигидан кўз юмиб бўлмайди.
Масалан, ҳозирги вақтда чиқиндилар тўпланадиган мавжуд полигонлар санитария қоидалари, нормалари ва гигиена меъёрларига тўлиқ жавоб бермайди. Аксарият жойларда чиқиндилар тартибсиз равишда тўпланадиган пунктлар ҳамон сақланиб қолмоқда ва улар туташ ҳудудларнинг санитария-эпидемиология ҳолатини ёмонлаштириб, юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалишига шароит яратмоқда.
Буларнинг бари маиший чиқиндиларни тўплаш, утилизация қилиш ва қайта ишлаш тизимини самарали ташкил этишни талаб қилади ва бу янги комплекс чора-тадбирлар орқали амалга оширилади. Масалан, 2017 йилда шаҳарлардаги санитария жиҳатидан тозалашга ихтисослаштирилган ташкилотлар ва туман ободонлаштириш бошқармаларига 237 та махсус техника харид қилиш, 94 та гараж қуриш, қаттиқ маиший чиқиндилар учун 168 та элак қурилмалари ўрнатиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, Тошкент, Самарқанд, Андижон ва Наманган шаҳарларида йирик лойиҳаларни амалга оширишни ўз ичига олган, 2017-2021 йилларда халқаро молия ташкилотларининг 161 миллион АҚШ долларидан ортиқ маблағларини жалб этган ҳолда шаҳарларда чиқиндиларни тўплаш, ташиб кетиш, утилизация қилиш ва қайта ишлаш тизимини ривожлантиришга қаратилган инвестиция лойиҳалари амалга оширилади.
Давлат раҳбари шунингдек, 114 минг погон метр тўсиқ, 152 та санитария узели, 158 та маиший хона, 163 та автомобилларни ювиш жойи, 269 километр электр таъминоти тармоқлари, 166 та техник сув таъминоти қудуғи ҳамда 240 километр асфальтланган кириш йўлларини қуриш орқали қаттиқ маиший чиқиндилар тўпланадиган 168 та полигонни ободонлаштириш манзилли дастурини тасдиқлади.
Келгуси икки йилда Нукус шаҳри ва барча вилоятлар марказларида чиқиндиларни қайта ишлаш корхоналарини қуриш кўзда тутилиб, мазкур лойиҳаларга 27 миллион АҚШ долларидан зиёд маблағ йўналтирилади. 2017-2021 йилларга мўлжалланган дастурни молиялаштириш учун жами бўлиб 1 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилади.
Ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида аҳолини қаттиқ маиший чиқиндиларни ташиб кетиш хизматлари билан қамраб олиш даражаси 2021 йилгача мамлакат бўйича 63 фоиздан 93 фоизга ўсади.