ТОШКЕНТ, 19 апр — Sputnik. Тошкентда бошланган Ўзбек-Хитой бизнес форуми доирасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида келган Хитойнинг йирик компаниялари тақдимотлари бўлиб ўтди. Бу ҳақда nuz.uz хабар бермоқда.
Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Улуғбек Розуқуловнинг қутлов нутқида айтилишича, Хитой делегацияси дастуридан "Ангрен" эркин саноат ҳудудига ташриф буюриш ўрин олган. Бизнес-форум доирасида томонлар иқтисодиётнинг турли соҳаларида ҳамкорлик ўрнатиш, янги инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш масалалари, ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини молиялаш ўлчовлари ва манбаларини муҳокама қилишади.
Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси Тимур Ишметовнинг сўзларига кўра, форумнинг биринчи кунида иштирокчилар ўз тақдимотлари билан чиқишди ҳамда манфаатдор мутахассислар билан қатор икки томонлама учрашувлар ўтказишди. Форумнинг иккинчи ва учинчи кунларида "Ангрен" ЭСҲга сафар уюштириш ва турли соҳаларда қатор лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилиш режалаштирилган.
Хитой делегацияси асосан CCC, SinoHYDRO ва Sinosteel Corporation каби йирик компаниялар вакилларидан ташкил топган. Форумда Ўзбекистон томонидан хитойлик ҳамкорлар учун ўз лойиҳа ва таклифларига эга бўлган Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, "Ўзбекэнерго", "Ўзқурилишматериаллар" вакиллари қатнашмоқда.
Ўзбекистон инвестициялар бўйича давлат қўмитаси томонидан ташкил этилган Ўзбек-Хитой бизнес-форуми 19-21 апрель кунлари бўлиб ўтади.
Мазкур бизнес-форум икки давлат ўртасидаги самарали ҳамкорлик намунаси бўлиб, Ўзбекистон президентининг Хитой Халқ Республикасига 14-15 май кунлари бўлиб ўтадиган расмий ташрифи олдидан амалий натижаларни акс эттиради.