ТОШКЕНТ, 18 апр — Sputnik. Ўзбекистон президенти маҳаллий корхоналарни хусусийлаштириш дастури бўйича амалга оширилган ишларни қониқарсиз деб баҳолади.
Ўтган 25 йил давомида мулкни хусусийлаштириш ва давлат тасарруфидан чиқариш бўйича тизимли ишлар доирасида 30 мингдан ортиқ давлат объекти, шу жумладан, 6,5 мингта йирик ва ўрта корхона хусусий мулк қилиб сотилди. Натижада ҳозир нодавлат секторига ялпи ички маҳсулотнинг 81 фоизидан кўпроғи, саноат ишлаб чиқаришининг 94 фоизи ва барча банд аҳолининг 82 фоизидан зиёди тўғри келмоқда.
Лекин шу билан биргаликда танқидий таҳлиллар бир қатор корхоналарни хусусийлаштириш кутилган натижаларни бермаганлигини кўрсатмоқда.
"Хусусан, республика минтақаларидаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ишларининг бориши билан танишиш натижалари хусусийлаштирилган корхоналарнинг мулкдорлари ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланмаётгани ва корхоналарни узоқ муддатли ривожлантириш билан шуғулланмаётгани, ихтисослашган ишлаб чиқаришларни тикламаётганлиги ва ишлаб чиқараётган маҳсулотларининг рақобатдошлигини таъминлайдиган замонавий технологияларни жорий этмаётганлигини кўрсатмоқда", дейилади мамлакат раҳбарининг бу борада эълон қилинган қарорида.
Жумладан, Тошкент шаҳрида аввал хусусийлаштирилган "Реле ва автоматика", "Алгоритм" заводлари, Самарқанд шаҳридаги "Қизил двигатель" ва Лифтсозлик заводлари, Ғиждувон ип йигирув фабрикаси, Хоразм вилоятининг Урганч туманидаги парранда фабрикаси, Термиз шаҳридаги "16-сонли ғишт заводи" каби корхоналар фаолияти қониқарсиз баҳоланган.
Ўтказилган хатлов натижаларига кўра, аввал хусусийлаштирилган корхоналар негизида 2 мингдан ортиқ паст рентабелли ва зарар кўраётган кам қувватли хўжалик субъекти, шу жумладан, мингдан ортиқ ишламаётган ҳамда деярли бўш ётган объект, самарасиз фойдаланилаётган ер участкалари ва ишлаб чиқариш хоналари аниқланган.
Бу эса давлат органлари хусусийлаштирилган корхоналарнинг асл ҳолатини ўрганиш, мавжуд муаммоларни таҳлил этиш ва сабабларини аниқлаш масаласида сусткашликка йўл қўяётганлигини билдиради.
Мавжуд вазиятни ўзгартириш учун давлат раҳбари ваколатли органларнинг хусусийлаштирилган корхоналарга ёндашувлари, улар билан ишлаш принциплари ва усулларини тубдан ўзгартиришлари кераклигини таъкидлаган. Хусусан, президентнинг фармонига биноан Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ташкил этилди.
Эндиликда Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятини такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш бўйича Комиссия тузилади.
Унга мамлакат бош вазири Абдулла Арипов раҳбар бўлади.
Ўзбекистон ва жаҳондаги энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлишни истасангиз, Sputnik Ўзбекистоннинг Telegram-каналига обуна бўлинг.