ТОШКЕНТ, 17 апр — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан айтилган танқидий фикрларни муҳокама қилар экан, интернетдаги ижтимоий тармоқларда ўтирган ўзбекистонликларнинг маҳаллий телевидениеда "орзиқиб кутадиган", "сел бўлиб кўрадиган" кўрсатувлар йўқлигидан нолишди.
Журналист Фозил Фарҳод ижтимоий тармоқдаги саҳифасида "Таҳлилнома"даги ўзгаришлар хусусида фикрларини қуйидагича ёзиб қолдирган:
"16 апрель куни кеч соат 9:00да эфирга узатилган дастурнинг янги формати, айрича қиёфаси 9 апрель кунги русча-ўзбекча сонларидагидай кўнглимни кўтарди: саҳифалаш давомида нуқтаи назар, таҳлил ва баҳолаш мезонларига урғу берилди.
Янги бошловчи, воқеаларга янгича ёндошув, расмий дастур бўлишига қарамасдан "одамга ўхшаб" гапирилган сўзлар, янги иборалар, танқидий лавҳалар… Айниқса: "Раҳбар" сўзини катта, кенг ва ёруғ хона, телефонлар қатор жойлашган эман столи ва қулай чарм курси тушунчалари билан тасвирлаш вақтлари ортда қолди”, каби тишимизнинг кавагида асралган аччиқ ҳақ гаплар анча йиллардан бери оғзига талқон солиб олган журналистикамизда юракни ҳаяжонга соладиган яхши янгилик.
Тўғри, камчиликлар ҳам бор, бўлди! Баъзи зерикарли лавҳалар дастурнинг позитив руҳини тушириб юборганини ҳам тан олиш керак. Бу сингари айбгиналар келаси дастурлар давомида тузатиб борилаверади.
Яна бир хушхабар, дастур раҳбарларнинг ортиқча қиртишлашларидан, цензурасидан ҳоли бўлди: эркин, ижодий, кўтаринки.
Бу ҳақда сиз нима дейсиз, азиз томошабин?"
Янгиланишларга муносабат, ўринли танқид ва таклифларингиз дастур ижодкорларига йўлчироқ бўлса, ажабмас, деб умид билдирган Фозил Фарҳод.