ТОШКЕНТ, 4 апр — Sputnik. Бугун "Ахборот" дастури илк маротаба жонли эфирда узатилди, деб хабар қилмоқда "Дийдор азиз" нашри.
"Бугун, Ўзбекистон телеканалининг "Ахборот" дастури 14:00да жонли эфирда намойиш этилди. Танқид тошларидан сўнг "Ахборот" дастури жонли эфирда чиқа бошлагани катта ўзгаришдир. Ҳамкасбларимизга омад тилаб қоламиз", — дейилган хабар матнида.
Эслатиб ўтамиз, 30 март куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев видео мулоқоти чоғида Миллий телерадокомпанияси фаолиятига "Ахборот" ва "Давр" информацион дастурларидан келиб чиқиб айтган танқидий фикрлар билдирган эди.
Мирзиёев бу соҳада аҳвол "эски ҳаммом, эски тос" бўлиб қолаётганини айтган ҳамда "Ура-ура"чилик замони ўтгани, телевизорда танқидий ва таҳлилий материаллар бериш, "Ахборот" кўрсатувини ўзгартириш кераклигини таъкидлаган.