ТОШКЕНТ, 16 апр — Sputnik. Бугун Туркияда умумхалқ референдуми бўлиб ўтмоқда. Референдумда бутун мамлакат бўйлаб 55 миллион сайловчи иштирок этади. Референдумнинг асосий мақсади Туркияда бугунги кунда мавжуд бўлган парламент бошқаруви ўрнида президент бошқаруви тизимини киритишдир. Бунинг учун мамлакат конституциясига 18та ўзгариш киритиш керак.
Агар референдумда мамлакат аҳолиси янги ислоҳотларни қўллаб қувватласа, Эрдўған чекланмаган ваколатга эга бўлади. Яъни, президент давлат, ҳукумат ва суд тизими устидан назорат қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Ундан ташқари Эрдўған яна икки марта президентликка сайланиш имконига эга бўлади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг июл ойида Туркияда давлат тўнтарилиши юз беришига бир баҳя қолган эди. Туркия армиясининг олий қўмондонлиги ва кўплаб зобитларидан иборат мухолифат кучлари ҳукуматни эгаллаб олишга ҳаракат қилишган эди. Ўшанда Эрдўған ушбу инқилобни тўхтатиб, ҳукуматни ўз қўлида сақлаб қолшга муваффақ бўлган эди. Инқилобдан кейин эса 200 мингдан ортиқ киши ҳибсга олинган эди. Улар орасида 3 минг судялар ҳам бор.
Ўшанда баъзи экспертлар Эрдўған ўз сиёсий рақибларини, хусусан мамлакатни парламент бошқарувидан президент бошқарувига ўтказишига қарши чиққанларни сиёсий майдондан четлатаётгани ҳақида гапиришган эди. Ушбу дамдан бошлаб Туркияда ҳукумат тарғиб қилаётган ғояларга қарши чиққан ҳар қандай фуқаро "халқ душмани"га айлантирилиб судга бериш одат тусига кирган эди. Баъзи ОАВлар ушбу даврни ҳатто Сталин қатағон даврларига ўхшатган эди.
Кўрилган кескин чоралар натижасида Туркияда олдин кўпчиллик қарши бўлган ислоҳотларни қўллаб-қувватлайдиганлар сони бироз ошган. Сўнгги сўровларга кўра, янги ислоҳолатни мамлакатнинг 46-47 % аҳолиси маъқуллаган. Қаршилар сони эса 43-44 % ни ташкил қилган.