ТОШКЕНТ, 14 апр — Sputnik. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлардан Россияга кириб келаётган мигрантларга аэропортларда, давлатга тегишли объектларнинг қурилиш ишларида, олийгоҳларда, мактабларда ва болалар боғчаларида меҳнат қилиш таъқиқланиши мумкин.
Парламент аъзоси "Россия федерациясида чет эл фуқароларининг ҳуқуқий мақоми" ва "Терроризмга қарши курашиш тўғрисида"ги қонунларга ўзгартишлар киритиш бўйича тўпламни ишлаб чиққан. Ўзгартишлар Россияга келаётган МДҲ мамлакатлари фуқаролари учун мамлакатга кириб келиш, ишлаш ва яшаш шароитларини мураккаблаштиришга қаратилган.
Таъкидланишича, қонунчилик лойиҳаси Федерал кенгаш, Тергов қўмитаси, Федерал Хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратурага йўналтирилиши кутилмоқда.
Ҳужжатда МДҲ давлатларидан кириб келган меҳнат мигрантлари ишлаши тўлиқ таъқиқланиши керак бўлган соҳалар бирма-бир санаб ўтилган. Улар орасида — олийгоҳлар, мактаблар, болалар боғчалари, транспорт хавфсизлиги соҳалари, мудофаа мажмуалари объектларининг қурилиши ва улардан фойдаланиш ҳамда бошқа стратегик объектлар санаб ўтилган. Таъқиқ киритилиши лозим бўлган соҳалар Ҳукумат томонидан белгиланиши таклиф қилинган.
Анохин, шунингдек, барча мигрантлардан чегарада қўл излари олиниши керак, деган таклифни ҳам киритган.
Россиядаги ўзбек диаспораси вакиллари депутат Анохиннинг ушбу ташаббуси мамлакатлар ўртасидаги муносабатларга совуқлик туширади, деган фикрни билдиришмоқда.