ТОШКЕНТ, 10 апр — Sputnik. Эндиликда Ўзбекистондан Россияга йўл оладиган ишчилар Россияда қаерда ишлашлари ҳақидагина эмас, балки қанча маош олишлари ва ҳатто қаерда яшашлари ҳақида ҳам олдиндан маълумотга эга бўлишади, деб хабар қилинган Москва миграция марказининг Фейсбукдаги саҳифасида.
Янги халқаро битимга мувофиқ, Россияга меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун эълон қилинган танловда 18 ёшдан катта фуқаролар қатнашиш ҳуқуқига эга. Шунингдек, ҳозирда амалда бўлган барча қонун-қоидалар ўз кучини сақлаб қолиши айтилмоқда. Яъни Россияга ишлашга келаётган мигрант тегишли тартибда патент расмийлаштириши лозим.
Ишга ёллаш бўйича ташкилий масала Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги қошидаги агентлик томонидан бошқарилиши айтилмоқда.
Ўзбекистон ИИВ зиммасига эса Россияга ишга юбориладиган ҳар бир фуқарони текшириш вазифаси юклатилган. Вазирлик фуқаро халқаро ёки давлат миқёсида қидирувда бўлган-бўлмаганини текшириши айтилмоқда.
Россия ҳудудида меҳнат мигрантлари Меҳнат ва ижтимоий муҳофаза вазирлиги томонидан назорат қилинади.
Вазирлик россиялик иш берувчилардан бўш иш ўринлари, иш характери, маош, ишчилардан талаб этиладиган малака(кўникма)лар ҳақида маълумотларни тўплаб боради. Ва бу маълумотларнинг барчаси Ўзбекистондаги ҳамкорларга жўнатилади. Ҳамкорлар ўз навбатида, ушбу вакансияларга мос ишчиларни қидириш билан шуғулланадилар.
Ҳужжатда, шунингдек, Ўзбекистондан меҳнат муҳожирларини ишга таклиф қилаётган иш берувчиларга ҳамн алоҳида ёндашилган. Россиялик иш берувчилар, Ўзбекистондан меҳнат муҳожирларини ишга таклиф қилгудек бўлса, ташриф буюрувчилар учун ётоқжойлар ҳозирлаши шартлиги кўрсатилган. Бундай ётоқ-жойлар Россиядаги санитария-гигиена нормаларига мувофиқ бўлиши шартлиги кўрсатиб ўтилган. Мигрантларга тўланадиган иш ҳақи миқдори эса энг кам иш ҳақи миқдоридан кам бўлмаслиги лозимлиги айтиб ўтилган.
Шунингдек, иш берувчи ишга таклиф қилаётган мигрант учун тиббий суғуртани ҳам ўз зиммасига олиши лозимлиги қайд этилган. Ҳужжатга кўра, эндиликда ишлаб чиқариш жараёнида мигрант соғлиғига шикаст етадиган ёки у вафот этадиган тақдирда иш берувчи мигрант жасадини ватанига етказилиши учун кетадиган ҳаражатларни ўз зиммасидан қоплаб бериши керак бўлади.