ТОШКЕНТ, 13 апр — Sputnik. Ўзбекистон Дин ишлари қўмитаси хабарига кўра, умра зиёратини амалга ошириш мақсадида кетган Ўзбекистонлик зиёратчиларнинг сўнгги гуруҳи 11 апрел куни Тошкентга соғ-саломат қайтиб келган.
Бу йил баҳорги умра мавсуми 20 февралдан 11 апрелга қадар давом этди. Унда Ўзбекистонда 5500 нафар зиёратчи иштирок этди. Зиёратчилар 10 кун давомида Саудия Арабистонининг Макка ва Мадина шаҳарларида бўлиб, муқаддас қадамжоларни зиёрат қилдилар.
Кузатиш ва кутиб олиш тадбирлари Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида амалга оширилди. Зиёратчиларга мавсум давомида ўзбекистонлик 8 нафар ишчи гуруҳи, 27 нафар шифокор ва 8 нафар ошпаз хизмат кўрсатдилар.
Зиёратдан қайтган фуқаролар яратиб берилган шароитлар учун Ўзбекистон Республика раҳбариятига ва зиёрат ташкилотчиларига ўз миннатдорчиликларини билдириб Ўзбекистон равнақини тилаб дуо қилдилар.