ТОШКЕНТ, 13 апр — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Чилонзор туманидаги "Катта Хирмонтепа" ва "Яккатут" маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлди, деб хабар берди Ўзбекистон ИИВ матбуот-хизмати.
Ўзбекистон раҳбари мактаб – таълим-тарбия маскани эканини, бу жойдаги ободонлаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлаган. "Таълим муассасалари олдида доимо гул экилган, саронжом-саришта бўлиши керак", — деб қўшимча қилган у.
"Яккатут" маҳалласида иккита мактабгача таълим муассасаси, иккита мактаб, иккита коллеж фаолият юритмоқда. Президент мазкур маҳалла ҳаёти билан танишди, халқ билан мулоқот қилган. Шу ерда Мирзиёевга Тошкент шаҳрида қурилиши режалаштирилган намунавий маҳалла марказлари лойиҳалари ҳақида ахборот берилган.
Жорий йилнинг март ойида Мирзиёев Юнусобод туманидаги Увайсий номидаги маҳаллада бўлиб, бу ерда фуқаролар йиғини ходимлари, профилактика инспектори ва аҳоли учун яратилган қулай шароитлар билан танишар экан, пойтахт, қолаверса, мамлакатнинг барча ҳудудларида мана шундай маҳалла марказларини бунёд этиш ҳақида кўрсатмалар берган эди.
Таклиф этилаётган янги маҳалла марказлари лойиҳасида маҳалла раиси, котиб ва маслаҳатчилар, профилактика инспектори учун алоҳида хоналар бўлиши кўзда тутилган. Бу халққа хос ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат фазилатларини янада кучайтиришга хизмат қилади, дея қайд этилган хабарда.
Давлат раҳбарининг тавсиясига кўра, профилактика инспектори ўзи ишлайдиган маҳалла ҳудудида яшаши лозим. Бу профилактика инспектори маҳалладаги ҳар бир хонадон билан яқин мулоқот ўрнатиши, кўчалар ва жамоат жойларини қатъий назоратга олишида муҳим аҳамиятга эга.
Профилактика инспекторларини хизмат уйлари, имтиёзли кредитлар ҳисобига машиналар билан таъминлаш, уларнинг яшаши ва самарали ишлаши учун барча шароитларни яратиш бўйича зарур топшириқлар берилган.
"Маҳалла халқ билан давлат ўртасидаги кўприк бўлиши керак. Одамларнинг қувончу ташвишидан доимо хабардор бўлиш маҳалланинг асосий вазифасидир", — деб қайд этган Мирзиёев.