ТОШКЕНТ, 13 апр — Sputnik. Россиядаги энг оммабоп — "Пусть говрят" кўрсатувининг навбатдаги қаҳрамони Кемероволик аёл бўлди. У бутун мамлакатга қандай қилиб ўзбекистонлик эри беш нафар фарзандини олиб кетгани ҳақида сўзлаб берди.
Бир-биридан кичик беш нафар бола билан қолган аёл эри томонидан қилинган хиёнат туфайли қаттиқ тушкунликка тушган, аммо тез орада 26 яшар Вадим Полюдов кўринишида ўзига "суянчиқ" топади.
Вадим ғойиб бўлган оила бошлиғи вазифасини бажара бошлайди. Бу ҳақда хабар топган Йўлдош эса зудлик билан Россияга қайтиб, хиёнаткор аёлдан болаларни тортиб олади.
Андрей Малаховнинг "Пусть говрят" кўрсатувига Йўлдош онаси билан бирга келган. Маринанинг собиқ қайнонаси ўғли Ўзбекистонга келгач, келинига ёрдам бергани Кемеровага боргани ва уни маст ҳолатда кўргани ҳақида сўзлаган.
Кўрсатувда айтилишича, Марина ичкиликка ружу қўйган аёл бўлган ва оқшомлари йўқолиб қоладиган одат ҳам чиқарган. Аёлнинг ана шундай қилғилиқларидан сўнг Эшматов Россияга келиб, болаларни олиб кетган.