ТОШКЕНТ, 13 апр — Sputnik. Ўзбекистондаги "Ягона дарча" марказида 86 турдаги давлат хизматлари кўрсатилади, деб хабар қилди "Зарафшон" нашри.
Ўзбекистон президентининг 2017 йил 1 февралдаги "Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига асосан "Ягона дарча" марказлари туман ҳокимликлари тузилмасидан адлия органлари тасарруфига ўтказилган эди.
Унга кўра, 2017-2020 йилларда "Ягона дарча" марказлари орқали кўрсатиладиган 16 турдаги давлат хизматлари босқичма-босқич кўпайтирилиб, 86 турга етказилади. Бундай хизмат турларининг 34 таси эса жорий йилда амалга оширилади.
Яна бир афзаллиги шундаки, якка тартибдаги тадбиркорлар интернет тармоғи орқали рўйхатдан ўтганда тўланадиган давлат божлари энг кам иш ҳақининг бир баробари ўрнига ярим баробар миқдорида белгиланди.
Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказишдаги янги тартибнинг жорий этилиши ишлаб чиқариш ҳажмининг ортиши ва ишбилармонларнинг кўпайишига ёрдам беради.
Масалан, Оқдарё тумани "Ягона дарча" марказидан жорий йил 20 январдан 1 мартгача 605 та тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилди ва тумандаги жами тадбиркорлар сони 7 мингдан ошди.
Шунингдек, 2016 йилда марказга 16 турдаги давлат хизматлари бўйича келиб тушган 238 та аризанинг 99 %и тўлиқ қаноатлантирилган бўлса, жорий йилнинг ўтган ойларида тадбиркорларга 29 та ана шундай давлат хизматлари кўрсатилди.
Қолаверса, бизнесни рўйхатдан ўтказишни аризачига қулай вақтда бошлаш, тўхтатиш ёки давом эттириш мумкин.
Бунда ҳужжатларда электрон рақамли имзо бўлиши талаб этилмайди. Якка тартибдаги тадбиркорлар ўз фаолиятини вақтинчалик тўхтатиб туриш ёки қайта тиклаш тўғрисидаги аризани автоматлаштирилган тизим орқали топширишлари мумкин бўлади.
Шунингдек, қайта ташкил этиш тўғрисидаги ахборотни босма оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш тўғрисидаги талаб бекор қилинади.
Бу ҳам тадбиркорларнинг ортиқча оворагарчилиги ва маблағини тежашга ёрдам беради.