ТОШКЕНТ, 19 фев — Sputnik. "Электрон ҳукумат" марказида вазирликлар, давлат хўжалик ва бошқарув органлари юридик бошқармалари вакиллари иштирокида "ягона дарча" орқали тадбиркорлик субектларига давлат хизматлари кўрсатиш механизмларини янада такомиллаштиришга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Учрашувнинг асосий мақсадлари қуйидагилар бўлди:
- Тадбиркорларга давлат хизматлари кўрсатишнинг сифати ва ошкоралигини, улардан фойдаланиш имкониятларини янада ошириш;
- Тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш;
- Жойларда халқ билан бевосита мулоқот самарадорлигини таъминлаш
Ушбу мақсадларга эришиш учун, биринчи навбатда, барча ҳудудларда жойлашган "ягона дарча" давлат хизматлари кўрсатиш марказларининг самарадорлигини ошириш, ушбу жараёнга замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг жорий этиш масалалари тизимли таҳлил қилинди.
Ундан ташқари, ҳар бир давлат муассасасаси, жумладан Вазирлик, давлат ва хўжалик бошқарув органларининг юридик бошқармалари вакиллари "ягона дарча" марказлари орқали давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришга доир ўз таклифларини киритди.
Шунингдек, учрашувда 2017 йилда "ягона дарча"да йўлга қўйилиши лозим бўлган 18 та давлат хизматининг фаолияти муҳокама қилинди.
Ушбу тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тадбиркорлик субектларига давлат хизматларини кўрсатиш механизмларини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги" қарори ижросини бажариш мақсадида амалга оширилмоқда.