ТОШКЕНТ, 12 апр — Sputnik. Фарғона вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ҳамда тасдиқланган режаси асосида ташкил этилган мазкур семинарда вилоятдаги имом-хатиблар, ноиблар, диний идора вакиллари, жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Мазкур ҳужжатнинг бешинчи йўналиши хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш масалаларини ўз ичига олади.
Албатта, келгуси беш йилликдаги тараққиётимиз концепциясига миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик масалаларининг алоҳида киритилиши бежиз эмас. Чунки дунёдаги нотинчликлар, қарама-қаршиликлар, диний низолар билан боғлиқ муаммолар ҳамон давом этмоқда.
Ўзбекистонда 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари тинч-тотув яшаб келмоқда. Уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда.
Семинарда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликнинг олдини олишда диний ходимлар олдида турган долзарб вазифалар ҳамда дунёда кечаётган ижтимоий-сиёсий жараёнлар таҳлили, мамлакатимизда тинчлик-осойишталикни сақлаш борасидаги устувор масалалар ҳам муҳокама этилди.
Семинарда вилоят ҳокимининг ўринбосари Қ.Имомов иштирок этди ва сўзга чиқди.
Шоҳидбек АСЛОНОВ. Муслимбек ТЎЛАНОВ олган сурат.