ТОШКЕНТ, 12 апр — Sputnik. Ҳукумат Ўзбекистонда туристлар учун махсус пластик карта жорий этиш имкониятини кўриб чиқмоқда, деб маълум қилди Sputnik Ўзбекистон мухбирига Вазирлар Маҳкамасидаги манба.
Янги карта Uzbekistan Pass деб аталади ва хорижлик туристларга бутун республика ичида товар ва хизматлар учун тўловларни чегирма билан амалга ошириш имконини беради.
"Биз туристларни жалб этиш бўйича етакчи давлатларда мана шундай карталар муваффақиятли қўлланилиши тажрибаси билан танишиб чиқдик. Бу карталар албатта у ёки бу мамлакатга келиш учун асосий омил бўлмаса-да, умумий таассурот шаклланиши ва келгусида туристларнинг сони ошишида ёрдам беради. Зеро бизда яратилган қулай шароитлар маъқул келган турист ўзининг ўнлаб танишларига бу ҳақда айтади", — деди манба.
Карта туристларга улар Ўзбекистонга виза олган вақтида берилиши ҳамда аэропорт ва меҳмонхоналарда сотилиши режалаштирилмоқда. Мамлакатда бу карталарни кенг жорий этиш мақсадида етакчи туристик операторлари ва бошқа манфаатдор муассасалар билан маслаҳатлашувлар олиб борилмоқда.
Шу билан бирга Tourist Friendly тизимини жорий этиш ҳам мўлжалланмоқда. Бу маълум бир сифат талабларига жавоб берадиган музей, галерея, овқатланиш шохобчалари ва туристик объектларнинг ихтиёрий сертификациядан ўтказилишидир.
Унга кўра, мазкур объектларда санитария талаб ва меъёрларига амал қилиниши, етарлича хавфсизлик таъминланиши, ходимлар хорижий тилларни билишлари лозим бўлади. Бу ерда хизматлар учун тўловларни турли халқаро тўлов тизимлари орқали тўлаш мумкин бўлади.