Ҳофиз 70 ёшда: Шерали Жўраев билан интервью

Oбуна бўлиш
Айни вақтда ижтимоий тармоқлар табрикларга тўлиб-тошмоқда. Халқ ардоқли ҳофизига узоқ умр тилаб, Шерали Жўраевдек шоҳ асарлар яратадиган санъаткор юз йилда бир маротаба дунёга келишини таъкидламоқда

ТОШКЕНТ, 12 апр — Sputnik. Ўзбек санъатининг азим чинори, буюк санъаткор, овози коинотда жаранг топган ўзбек ҳофизи Ўзбекистон халқ артисти, Алишер Навоий номидаги Давлат мукофоти соҳиби Шерали Жўраев бугун 70 ёшга тўлди.

Ҳофиз Шерали Жўраев - Sputnik Ўзбекистон
Шерали Жўраев катта концертга тайёргарлик кўряпти
Бастакор, шоир ва актёр сифатида ҳам донг таратган ўзбек ўғлони 1947 йилнинг 12 апрелида Андижон вилоятининг Асака туманида таваллуд топган. 1966-1971 йилларда Маннон Уйғур номидаги Тошкент давлат санъат институтида таҳсил олган.

Юбилей муносабати билан vodiymedia.uz сайтида келтирилган, журналист Каримберди Тўрамурод уюштирган суҳбатдан парчани эътиборингизга ҳавола этамиз.

- Шерали ака, ёшлигингиздан бугунгача ўзгармас бир қоидага амал қиласиз: концертларни ҳам, тўй-ҳашамлардаги чиқишингизни ҳам албатта, Она ҳақидаги қўшиқ билан бошлайсиз. Бугунги суҳбатимизни ҳам онангиз ҳақидаги савол билан бошласак. Онангиздан нималарни олдингиз? Онангиздан сизга нималар ўтди?

– Дунёнинг боши асли оналар билан-да. Дунёда онадан улуғ зот йўқ. Биласизми, аслида Аллоҳдан кейин оналар, аёллар яратувчилардир. Не-не буюк зотларни Она дунёга келтиради. Дунёни титратган зотлар ҳам Онанинг бағрида улғаяди. Мен онамнинг турмуш ма­шаққатларида отам билан ёнма-ён турганларини, отамиз учун, фарзандлар учун фидойи бўлганларини кўриб катта бўлганман.

Шерали Жўраевнинг венгриялик мухлиси - Sputnik Ўзбекистон
Венгриялик профессор Шерали Жўраевнинг қўшиғини эшитиш учун сафарини кечиктирди

Шўро юз минглаб қўйи, моли бўлган боболаримиз, отамизнинг бор-йўғини олгач, ҳатто уйсиз қолганмиз. Капаларда, қирма-қир, ўтовларда яшаганмиз. Онамиз эса "Оққан ариқ бир куни оқади", дея сабр билан яхши кунлар келишига ишонардилар. 1956 йилга келиб уйимиз бўлган. Отамиз билан бирин-кетин фарзандларни тупроққа қўявериб, фарзанд доғини чеккан ҳам, Аллоҳдан сўраб олган қизларига Турсуной деб исм қўйган, кейинги опамиз, Аллоҳ умрини узун қилсин, Гулсум опамиз, биз ўғилларининг камолини кутган ҳам онамиз бўладилар. Уйимиздан меҳмон узилмаган. Ҳаммасининг хизматини тинимсиз онамиз қилганлар. Онамиз кўрган ҳамма қийинчиликларни мен ҳам кўриб катта бўлганман.

Онамиздан менга у киши сўйлаб берган достонлар, эртаклар, ҳаётий ҳикоялар, ривоятлар ўтган. У киши улуғ бобокалонларимиз ҳақида, қайси уруғдан эканимиз, қайси азизларнинг авлодлари эканимиз тўғрисида айтиб берган тарихлар қон-қо­нимга сингган.
Бекорга Пайғамбаримиз (с.а.в.) уч марта "Онангга, онангга, онангга, кейин отангга", демаганлар. Шунинг учун доимо қўлимга соз олсам, энг ав­вал онам ва барча оналаримизга эҳтиромимни изҳор қиламан.

– Шерали ака, шу ўринда бир қўшиғингизнинг яратилиш тарихи ҳақида айтиб беришингизни илтимос қилмоқчиман. «Оқибат» деб номланган бу қўшиғингиз эл орасида «Ака-укалар» номи билан машҳур бўлиб кетди. Бу қўшиқни шунчаки эшитиб бўлмайди. Ақлу-ҳуши жойида одамни бу қўшиқ титратиши аниқ. Бунда ака-укалар, айниқса опа-сингиллар ва қизларга эътиборли бўлишга, улардан хабар олиб туришга оташин даъват бор. Шу қўшиғингизни эшитиши билан кўпчилик онасидан, ака-укасидан, опа-синглиси ё қизидан хабар олишга отлангани ҳақида такрор-такрор эшитмоқдамиз.

– Бу қўшиқнинг яралиш тарихи бундай: укам Ҳалимжонни кўргим келиб, уни ҳадеганда тополмай қолдим. Бироз бетоб деб эшитдим. Сабрим чидамай, келинойингизни Андижонга юбордим ва у укамдан хабар олиб келди. Шунда кўнглимга «Нега одамлар, ака-укалар бир-бирини қидирмай, йўқламай қўйди?» деган бир савол тушди. Мен-ку, укамни қидириб топдим, аммо бошқалар топаяптимикан, деб анча вақт ўйланиб юрдим. Сирдарёнинг чўлидан ўтиб, бир ерга хизматга кетаётганимда шу саволларга жавоб бўлиб, бир сатр кўнглимга тушди. Ўзи ўша ерда нимагадир бир неча қўшиқларимнинг сўзи кўнглимга келган. Чўл, кенглик бўл­гани учунмикан, балки…

Шерали Жўраев клипини томоша қилаётган мухлис - Sputnik Ўзбекистон
"2017-йилда Шерали Жўраев билан битта саҳнада қўшиқ куйлаш ниятим бор" - Жўрабек Муродов
"Ҳар бир учган жисм сор, лочин қушмас", деб бошланадиган қўшиғим ҳам ўша ерда туғилган. Ўша ерда кетаётиб, ака-укалар бир-бирини йўқламай қўяётгани, гўё меҳр-оқибат камайиб кетаётгани тўғрисидаги фикрлар миямда ўйнади ва кўнг­лимга бу сатрлар келди: "Муҳаббат сирлари пинҳон, қаро икки қароқларда". Кейин иккинчи сатр келди: "Эриб сувдек оқар қалбим ўшал икки булоқларда". Кейин "Оға-ини, опа-сингиллар, тўзиб кетма, йироқларда" ва «Ки қалбим қийналар доим кўрарман деб сўроқларда»сатрлари келди. Кейин "Қол эй, ҳасрат, сен ҳам бизга етиб бўлмас узоқларда» ва "Оёғим қонлари оқиб, қотиб қолган тузоқларда"сатрлари қуйилди.

Ана шу сатр­ларни ўқиб берганимда акам йиғлади. "Нега йиғлайсиз?" десам, "Қирғизлар қўйларини суғориш учун қудуқдан сув чиқарарди. Чиғириқни оёғидан сим боғлаб қўйилган туя айлантирарди. Сим туянинг оёқларини қийиб юборганидан туянинг оёқларидан қон оқарди, аммо у айланаверар, вазифасини бажариб, қудуқдан сувни тортиб бераверарди. Рўзғор деб елиб-югуришни ўша туяга ўхшатдим", деди. Опа-сингилларимиз, қизларимиз тур­мушга чиқишади. Улар вазифам шу экан деб, янги тушган хонадон соҳибларининг кўнглини топиш учун не ишларни буюрсалар, елиб-югуриб бажараверадилар. Мана шу келинлар оёғидаги тузоқ экан. Йигитлар ҳам уйлангач, бола-чақасини боқиш учун, рўзғорни тебратиш учун ўлиб-тирилиб тиришар экан. Мана шу уларнинг оёқларидаги тузоқ экан.

Айниқса, келинларга оғир экан. Улар энди янги хонадон соҳиблари, куёви, қайнона-қайнотаси рухсат берсагина бирпасгинага ота-онасидан хабар олгани келишар экан. Уларнинг қош-қовоқларига қараб, ойлаб ота-онасидан, ака-укаларидан хабар олишга бориш учун рухсат сўрай олмасдан юришар экан. Шунинг учун эркаклар, куёв болалар хотинларига вақти-вақти билан келинларга ота-онасиникига бориб келишига рухсат бериб туриши керак экан. «Қиз бола бировнинг хасми» деган сўзнинг маъноси шу эканки, қизларни боқар экансан, катта қилар экансан, ўқитар экансан, аммо у бировнинг омонати бў­ларкан.

Улғайтириб, эгасига топширар экансан. Энди у келин бўлиб борган уйида бир умр қо­лар экан. Сеникига меҳмондай келиб кетаркан, холос. Шунингдек, бу қў­шиқда ака-укалар бир-биридан хабар олиб туриши ҳақи­да айтдим. "Қол эй, ҳасрат, сен ҳам бизга етиб бўлмас узоқларда" дейишимдан мақсад шуки, узоқ вақт кў­ришмай юрган оға-ини, опа-сингиллар бир-бирларини кўришга борганларида кеч бўлиб қолиши бор, бевақт ўтиб қолишлар бор. Шунда бир кў­риш армон бўлиб қолади бир-бирларини. Бу ҳасрат. Қўшиқда ана шу ҳасрат узоқларда қолсин, ҳасрат бизга бегона бўл­син, ақтида бир-биримизни зиёрат қилиб турайлик, дейилмоқчи.

Янгиликлар лентаси
0