ТОШКЕНТ, 24 мар — Sputnik. Ўзбекистон халқ артисти, Алишер Навоий номидаги Давлат мукофоти совриндори Шерали Жўраев концерт дастури тақдим этиш учун қизғин тайёргарлик кўрмоқда, деб хабар қилди ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида шоир Муҳаммад Исмоил.
"Буюк ҳофиз "Биринчи муҳаббатим", "Турналар", "Йигитлар", "Ҳурлар бормиш жаҳонда", "Келса гар Наврўзи олам", "Ошиқларинг сардори менман" сингари юракларимизга бир умр муҳрланиб қолган шоҳона тароналардан ҳам жозибалироқ, ёқимлироқ, севимлироқ қўшиқларни бизга армуғон этишига ишонамиз. Кўнгиллар яхши қўшиққа муҳтож бўлди. Анча йиллардан буён кўнгиллар яхши қўшиқни соғинди. Дилни ўртайдиган, дилга олам олам ҳузур бағишлайдиган, юракларни жунбушга келтирувчи қўшиқларни соғинди одам. Шерали ака! Биз сизга ишонамиз, биз сиздан яхши яхши қўшиқлар кутиб қоламиз!", — деб ёзган Муҳаммад Исмоил ўз хабарида.
Шерали Жўраев концертига тайёргарлик авжидалиги аён. Аммо концерт санаси маълум қилинмаяпти.