ТОШКЕНТ, 11 апр — Sputnik. Ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш профилактика куни муносабати билан Сурхондарё вилоят ИИБ Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бошқармаси (ҲООБ) вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази ходимлари томонидан Термиз шаҳридаги иқтисодий-ижтимоий касб-ҳунар коллежи ҳамда шаҳардаги марказий деҳқон бозорида тадбирлар ўтказилди, деб хабар қилди Ўзбекистон ИИВ матбуот-хизмати.
Вилоят ИИБ Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бошқармаси вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази раҳбари, майор Ҳусниддин Умбаровга кўра, бугунги кунда вояга етмаганлар ўртасида содир этилаётган жиноятларнинг аксарияти ўз вақтида дарсга келмайдиган, сабоқларни ўзлаштиришда бирмунча ортда қолаётган ўқувчилар ҳиссасига тўғри келмоқда.
"Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, айрим ёшларнинг жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга мойиллиги уларнинг оиласидаги тарбиявий муҳит оғирлиги билан боғлиқдир. Шундай экан, нафақат бу ёшларнинг ўзи билан, балки уларнинг оиласида ҳам фарзанд тарбиясида ота-онанинг масъулияти ва унинг қонуний асослари юзасидан профилактик тадбирлар олиб бориш лозим", — дейди Умбаров.
"Профилактика куни тадбирлари доирасида Термиз шаҳридаги марказий деҳқон бозорида арава тортиб юрган вояга етмаган бир ўқувчи билан суҳбатлашдик. У ўқишга қатнашишга иштиёқи борлиги, лекин отаси бунга йўл қўймаслиги, ҳар куни “пул топиб кел” деб уни уйдан чиқариб юборишини айтди. Унинг хонадонига бориб, отасига бу қилмиши қонун билан чекланганлигини тушунтирдик. Ичкиликбозлик дардига йўлиққан отага қонун доирасида чора кўрилди. Афсуски, ичкиликка муккасидан кетган, ҳеч қаерда ишламайдиган отанинг ношудлигидан азият чеккан боланинг тақдирига маҳалла-кўй, жамоатчилик шу пайтгача бефарқ қараб келган", — деб таъкидлайди Умбаров.
Хабарга кўра, мутахассислар профилактика тадбирида ота-оналар билан ҳам суҳбатлар ўтказишган. Бола ҳуқуқларини тушунтириш бўйича маҳаллаларда ҳамкорликда тадбирлар олиб бориш, бундай тадбирларда ёш оилалар ҳам иштирок этишига эътибор қаратиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланган.