ТОШКЕНТ, 11 апр — Sputnik. Шу йилнинг 4-5 апрель кунлари Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россияга расмий сафари чоғида истиқболли инвестиция лойиҳалари ва уларни амалга ошириш режалари ҳам муҳокама қилинди. Улар орасида учта инвестиция битими бевосита Ўзбекистон банкларига тегишлидир.
Ўзбекистон марказий банки Ўзбекистон ва Россия банклари ўртасида қандай битимлар имзоланганлиги ҳақида маълумот берди.
Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки ва Внешэкономбанк
Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий Миллий банки (ТИФ МБ) ва Ташқи иқтисодий фаолият ва тараққиёт банки (Внешэкономбанк) давлат корпорацияси ҳамкорлик тўғрисида битим имзоладилар.
Молия институтлари истиқболли инвестиция лойиҳаларини ҳамкорликда амалга ошириш, шу жумладан инфратузилма ва саноат объектларини барпо этиш, юқори технология ва экспортни қўллаб-қувватлаш йўналишларидаги лойиҳаларни баҳолашга келишиб олдилар.
Банклар бу сира лойиҳаларни молиялаштириш учун 500 млн АҚШ долларигача ёки унинг бошқа валютадаги эквивалентида тақдим этиш имкониятларини кўриб чиқадилар. Маблағларни тақдим этиш муддатлари ҳар бир лойиҳа бўйича аниқланади ва улар 15 йилдан кўпга чўзилмаслиги лозим.
Бундан ташқари, савдони молиялаш ва улар бўйича тузилган битимларни миллий валюталарда амалга оширишни биргаликда ўрганиш; молия бозорларида ҳамкорлик қилиш; банк технологиялари ва хизматлари соҳасида илғор тажрибаларни кенг ёйиш кўзда тутилмоқда.
ТИФ Миллий банк ва Внешэкономбанк 2005 йилдан буён икки томонлама ва Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти доирасидаги Банклараро бирлашма кенгаши линиясида ҳамкорлик қилиб келади.
Москвада ТИФ Миллий банкининг Азия Инвест Банк шуъба банки фаолият кўрсатади.
"Асака" банки — Газпромбанк ва Россия экспорт маркази
Ўзбекистоннинг яна бир йирик банки — "Асака" банк нефть-газ ва химия, тоғ-кон ва металлургия саноати соҳаларидаги инвестиция лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш бўйича Газпромбанк ва Россия экспорт маркази (РЭМ) ўртасида рамкали битим имзоланди.
Уч йилга мўлжаллаб тузилган битимдан кутилган асосий мақсад ҳар икки мамлакат компанияларининг технологик ва бозор мавқеини янада ривожлантириш ва кучайтиришга кўмаклашиш, уларнинг халқаро бозордаги рақобатбардошлигини ошириш учун узоқ муддатли рағбатлантириш тизимини яратиш, шунингдек, нефть-газ, тоғ-кон ва металлургия соҳаларини ривожлантириш масалаларида якдил мавқени шакллантиришдан иборат.
Ҳужжатда Ўзбекистонда бир қанча ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш кўзда тутилган. Хусусан, Шўртан газ-кимё комплексида ишлаб чиқарилаётган тозаланган метан базасида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш лойиҳаси Газпромбанк томонидан молиялаштирилади. Бунга Газпромбанк гуруҳидаги "Криогенмаш" АЖ ишлаб чиқариш компаниясининг ҳаво ажратувчи комплекси қурилмаси экспортини молиялаштириш ҳам киритилди.
Битимда Газпромбанк томонидан Тошкент вилоятида ишлаб чиқариш қуввати йилига 500 минг тоннани ташкил этадиган металлургия заводи қурилиши лойиҳасини молиялаштириш режалаштирилган. Бунинг учун 280 млн евро ажратилади. Завод қурилиши жорий йилда бошланиб, 2019 йилда фойдаланишга топширилади.
Maзкур лойиҳани амалга ошириш амалда республикамизнинг металл маҳсулотларга бўлган импорт талабини кескин қисқартиради. Бундан ташқари, битим доирасида 2017-2021 йилларда тоғ-кон саноати эҳтиёжи учун умумий қиймати камида 155 млн долларга тенг 44 та зарур экскаватор олиб келинади.
Битимда кўзда тутилган лойиҳаларни молиялаштириш РЭМ гуруҳига кирувчи компаниялар томонидан суғурта қилинади.
"Ориент Финанс" банк ва Газпромбанк
"Ориент Финанс" хусусий акциядорлик банки Газпромбанк билан Ўзбекистон озиқ-овқат саноатидаги инвестиция лойиҳаларни кредитлаш бўйича рамкали ҳамкорлик битимини тузди.
2019 йил 1 мартига қадар амал қиладиган ушбу битимда республика ҳудудида озиқ-овқат саноатига тегишли умумий қиймати 25 млн АҚШ доллар бўлган инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш имкониятлари кўзда тутилган.