ТОШКЕНТ, 8 апр — Sputnik. Ўзбекистонда йўл қурилишини назорат қилувчи янги ваколатли давлат органи ташкил этилди. У ўз фаолиятини ташкил этишда ҳукуматга бўйсунади, деб хабар қилмоқда "Подробно.уз" Давлат автомобиль йўллари давлат қўмитаси матбуот хизматига таяниб.
Янги инспекция йўл қурилиши, йўл-қурилиш материаллари, жиҳозлари ва конструкцияларини ишлаб чиқаришда юридик ва хусусий шахсларнинг бу борадаги меъёрий ҳужжатлар талабларига қанчалик риоя этилишини назорат қилади.
Улар шунингдек, қурилиши тугалланган йўл объектларини қабул қилиш комиссиялари ишида қатнашади ҳамда шаҳарсозликнинг йўл қурилишига доир қонунчиликка риоя этилишини назорат қилиш соҳасида норматив ҳужжатларни такомиллаштиришда бевосита иштирок этади ва таклифлар беради.
Инспекциянинг яна бир фаолият йўналиши йўл-қурилиш материаллари, жиҳозлари ва конструкцияларини стандартлаштириш ва сертификатлашдан иборат.
Йўл инспекцияси 26 нафар давлат инспекторидан ташкил топади, улар республика бўйлаб доимий асосда йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилишади.