ТОШКЕНТ, 8 апр — Sputnik. Стокгольм марказида теракт уюштиришда гумонланиб қўлга олинган эркак "Ислом давлати" террорчилик ташкилотига хайрихоҳ бўлган, деб хабар берди РИА Новости Aftonbladet газетасига таяниб.
Эркак Мэрста туманидаги дўконлардан бирида қўлга олинган. Нашр манбаларининг маълумотларига кўра, 39 ёшли эркакда жароҳат излари бўлган ва қўлга олинган пайтда Стокгольмдаги терактни амалга оширганлигини айтган.
Нашр манбаларининг сўзларига кўра, у Швецияда яшовчи Ўзбекистон фуқароси бўлган.
Aftonbladet нашри уни танийдиган шахс билан боғланган, у эса бу маълумотларга ишонмаслигини айтган. "Унинг тўртта фарзанди бор, у қурилишда ишлайди", — деган нашр суҳбатдоши. У шунингдек, гумонланувчи ҳеч қачон дин ёки сиёсат ҳақида гапирмаганини, фақат кўпроқ пул ишлаб оиласига жўнатиш ташвишида бўлганини айтган.
7 апрель куни Стокгольмдаги Дроттнинггатан кўчасида юк машинасининг одамлар устига бостириб бориши оқибатида уч киши ҳалок бўлганди.