ТОШКЕНТ, 7 апр — Sputnik. Самарқандда вилоят хотин-қизлар қўмитаси бошқарувининг навбатдан ташқари йиғилишида вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Нигора Раббимова ўз аризасига кўра лавозимидан озод этилди, деб хабар қилди Самарқанд ҳокимлиги матбуот-хизмати.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева бугунги кунда хотин-қизлар қўмиталари зиммасига қўйилаётган вазифалар, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришда жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликни кучайтириш масалалари хусусида сўз юритган.
"Жорий йил номланишидан келиб чиққан ҳолда хотин-қизлар қўмиталари томонидан аҳоли билан учрашувлар ўтказилаётир, оилаларга кириб, улардаги маънавий муҳитни ўрганиш, муаммоларини ҳал этиш юзасидан тизимли ишлар олиб борилмоқда, — деган Т.Норбоева ўз сўзи давомида. – Аммо ушбу вазифаларни янада мақсадли ташкил этиш, муаммоларни чуқур ўрганиб, кейинги ишларни ташкил қилишни белгилаб олиш талаб этилмоқда. Оилалардаги муҳитни ўрганиш асосида хотин-қизлар орасида содир этилаётган салбий ҳодисалар сабабларини таҳлил қилиш ҳамда кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда бу муаммоларга барҳам бериш барча қўмита раисларининг бирламчи вазифаларидан бири саналади".
Тадбирда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар юзасидан хотин-қизлар қўмиталари олдида турган вазифаларга алоҳида эътибор қаратилган.