ТОШКЕНТ, 6 апр — Sputnik. Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари ўртасидаги туризм соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш ҳақидаги келишув чоршанба куни имзоланиши билан кучга кирди. Бу ҳақда РИА Новости хабар бермоқда.
Томонлар фуқароларни бир-бирларининг фан, иқтисодиёт, ижтимоий тараққиёт, маданият, табиат масканлари, тарихий ёдгорликлар, маданий анъаналари билан таништириш мақсадида туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишиб олдилар.
"Томонлар халқаро анжуманлар, форумлар, семинарлар, кўргазмалар, оммавий ахборот воситаларидаги чиқишлар орқали "Буюк Ипак йўли" каби ўзаро туристик йўналишлар ва брендларни ривожлантирадилар", — дейилади хабарда.
ОАВда реклама кампаниялари ва туризмни ривожлантириш бўйича тадбирлар ўтказиш, бир-бирларининг ҳудудларидаги туристик ярмарка ва кўргазмаларда иштирок этиш, таништирув саёҳатларини уюштириш, туризм соҳасига инвестициялар киритишни қўллаб-қувватлаш, туризм соҳасида ахборот ва малака алмашиш икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг асосий соҳалари сифатида белгиланди.
Келишув имзоланган куни — 2017 йил 5 апрелдан кучга кирди.