ТОШКЕНТ, 4 апр — Sputnik. 28 март кунидан бошлаб Ўзбекистон ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги сайтига хакерлар томонидан D-DOS ҳужумлари уюштирилди. Бу ҳақда nuz.uz хабар бермоқда.
3 апрель куни Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги Ўзбекистондан Жанубий Кореяга ишлаш учун борадиган меҳнат мигрантларини рўйхатга олиш билан боғлиқ муаммолар бўйича матбуот анжумани ўтказди.
Анжуманда айтилишича, Жанубий Кореяда ишлашни хоҳловчиларни рўйхатга олиш илгари қўл режимида амалга оширилган ва бу кўплаб қийинчиликларни келтириб чиқарган.
Хорижда ишлашни истовчилар учун кенг имкониятлар яратиш, талабгорлар ва агентлик ходимлари ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш орқали турли товламачиликларнинг олдини олиш мақсадида онлайн рўйхатга олиш тизими жорий этилган.
Агентлик томонидан 27-30 март кунлари Корея Республикасида ишлаш истагида бўлган фуқаролар рўйхатга олиниши ҳақида эълон қилинган.
Дастлабки икки кунда онлайн анкета тўлдириш, кейинги икки кунда эса онлайн имтиҳон ўтказиш кўзда тутилган. Бунинг учун махсус test-migration.uz сайти очилган ва янги сервер ишга туширилган. 27 март куни сайт барқарор ишлаган ва 19 000 фуқаро рўйхатдан ўтган.
Бироқ 28 март куни эрталаб сайтга D-DOS ҳужумлар уюштирилган. Даъвогарларга қулайлик яратиш мақсадида агентлик сайтидан имтиҳон сайтига ўтиш учун ҳавола берилган бўлиб, хакерлар ҳужуми айнан мана шу ҳаволага уюштирилган. Агентликнинг мурожаатидан сўнг Ўзинфоком www.migration.uz сайтини ёпиб қўйган.
Бунда имтиҳон сайти ишлашда давом этган. Лекин хакерлик ҳужумлари тўхтамаган. Сервернинг ишлаш тезлиги 10 Мб/секдан 100 Мб/сек, сўнгра 1 гигабит/сек.га етказилган ҳамда етакчи мутахассислар иштирокида кучли ҳимоя дастури ўрнатилган.
29 март куни соат 9дан 14гача сайт барқарор ишлаган. Аммо ташриф буюришларнинг ўта юқорилиги сабабли 45 дақиқага ўчирилган ва шу кун соат 15дан 30 март соат 23га қадар танаффуссиз ишлаган. Натижада 87 700 фуқаро рўйхатга олинган.
1 апрель ҳолатига сайт ишида узилишлар бўлмаган. Лекин 2 апрель куни яна хакерлар ҳужум уюштирганидан сўнг сайт ўчирилган ва нохушликлар бартараф қилингач, 3 апрель соат 6дан соат 20га қадар имтиҳонни давом эттириш учун сайт фаолияти тикланган. Юзага келган вазият сабабли агентлик рўйхатга олиш муддатини узайтиришга мажбур бўлган.
Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги раҳбари Улуғбек Назаровнинг сўзларига кўра, хакерлик ҳужумлари Тошкентдан уюштирилганлиги аниқланган. Ҳужум уюштирган шахсларни аниқлаш билан тегишли органлар шуғулланмоқда.
Маълумот берилишича, онлайн рўйхатдан 100 минг киши ўтган бўлиб, Кореяга 3 минг киши жўнатилиши белгиланган.