ТОШКЕНТ, 3 апр – Sputnik. Давлат органлари вакиллари "Халқ билан мулоқот йили" давлат дастури доирасида мунтазам равишда телевидениедаги дастурларда иштирок этадилар. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг душанба куни эълон қилинган фармонида худди шундай дейилган.
Ҳужжатга мувофиқ, давлат органлари, ихтисослашган муассасалар ва жамоатчилик ташкилотларига йилнинг иккинчи ярмидан мансабдор шахслар иштирокида марказий ва маҳаллий телеканалларда ҳамкорликда кўрсатувлар тайёрлаш топшириғи берилган.
Таъкидланишича, теледастурлар мавзулари очиқ мулоқотни йўлга қўйишдаги долзарб масалалар, давлат тузилмаларининг аҳоли ва фуқаролик институтлари билан ҳамкорлиги, ёш авлодни қонунга, умуминсоний ва миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш масалалари муҳокамасига бағишланган бўлади.