ТОШКЕНТ, 3 апр — Sputnik. Охири ўлим билан якун топувчи "Кўк кит" ўйини Ўзбекистонга икки ой олдин кириб келган, дея расман хабар қилди Ўзбекистон ИИВ инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва юридик таъминлаш бошқармаси.
ИИВ матбуот-хизмати маълум қилишича, ўзбекистонликларнинг аксарияти ўлим гуруҳлари ҳақидаги хабарларга оммавий васваса, дея жиддий эътибор беришмаган.
"Фуқароларнинг аксарияти бу оммавий васваса, дея фикр билдиришди. Аммо статистикага мувофиқ, 2016 йил ичида дунёнинг турли бурчакларида 720 нафарга яқин болалар ўлимга чорловчи ғоялар қурбонига айланишган. Мана шу рақамлардан келиб чиққан ҳолда, бу ўйиннинг ваҳшиёна кўринишига эҳтиёткорлик билан ёндашишга тўғри келади", — дейилган хабарда.
"Бунинг сабаби шундаки, ўлишдан олдин китлар ўзларини қирғоққа отадилар, яъни ўз жонига шу тариқа қасд қиладилар. Ўйин моҳияти жуда оддий. Киши қандайдир даъватни ёзади ва ўз ёзганларига шунга мос хэштегни илова қилади. Шундан сўнг "Кўк кит" ўйинини юритувчилар теглар асосида ўйинга иштиёқмандларни излаб топиб, унга ўйинни бошлашни таклиф қилишади.
"Ўйиннинг биринчи шартлари фавқулодда даражада оддий: иштирокчидан қўлига китнинг расмини чизиш сўралади. Шундан сўнг ўлжага турли топшириқлар берилади, бундай вазифалар сони 50та бўлади. Энг сўнгги топшириқ ниҳоятда шавқатсизлиги билан ажралиб туради: боладан ўз жонига қасд қилишни талаб қилишади.
Юртдошларимиз бу каби ўлимга етакловчи ўйинларга икки ой олдин қизиқа бошлаганлар.
Ўзбекистон ўсмирлари орасида Инстаграмм саҳифаларида ана шу ўйин хэштеглари пайдо бўлгач, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари зудлик билан ишга киришган", — дейилади хабарда.
ИИВ ахборотига кўра, "ўлим гуруҳлари"га кирувчи ўсмиларнинг ҳар бирига профессионал руҳшунослар бириктирилган.
"Зурриёдингизни "ўлим гуруҳлари"дан асраб қолиш учун улар ҳаёти билан тинимсиз қизиқиб боринг, улар ким билан дўст, ким билан мулоқотда, билинг. Фарзандингизга қиммат телефон олиб берманг, у билан тўғри мулоқотни йўлга қўйинг", — деб тавсия берган ИИВ.
Аммо ота-оналарга айтар гапимиз шу-ки, ўғил ёки қизингизнинг хавфсизлиги биринчи навбатда сизнинг қўлингизда. Дилбандингиз ҳаётида қанчалик фаол иштирок этсангиз, болангизнинг дунёқарашини кенгайтирадиган шароитларни яратиб берсангиз, у ҳеч қачон носоғлом руҳиятга эга кимсалар томонидан берилаётган топшириқларни бажармайди.