ТОШКЕНТ, 31 мар — Sputnik. "Сўнгги пайтларда айрим ёшлар ижтимоий тармоқларда тарқалаётган ўз жонига қасд этишга чорловчи турли ўйинлар қурбони бўлаётгани ўта хавотирли ҳолат", — деб ёзган "Зарафшон" нашрида эълон қилган мақоласида збекистон мусулмонлари идораси вилоят вакили ўринбосари Зайниддин Эшонқулов.
Мақолада келтирилишича, кейинги пайтда баъзи туман ва шаҳарларда ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари учраб турибди. Мутахассислар фикрича, бу ҳолат кўпроқ 15-30 ёшгача бўлган шахслар томонидан содир этиларкан.
Таҳлил ва ўрганишлар шуни кўрсатган-ки, кимдир ота-онаси хоҳлаган кийимни олиб бермагани, кимдир севганига етишолмагани, бошқаси олдига мақсад қилиб қўйган таълим муассасасига ўқишга киролмагани, яна кимдир турмуш ўртоғи ёки унинг қариндошлари билан чиқишолмагани, турмуш қийинчиликлари-ю машаққатларига бардош беролмагани ва ҳоказо сабаблар билан ўзини ўзи нобуд қилган.
Ва шундай дея қўшимча қилади: "Биз мусулмон фарзандларимиз, ота-боболаримиз, она-момоларимиз бошига келган энг оғир қатағон, уруш ва очарчилик йиллари ҳам бундай нобакорликка қўл урмаганлар. Сабр ила қийинчиликларни енгиб ўтганлар.
Ислом шариати инсон ҳаётини муҳофаза қилиш мақсадида ўзини ўзи ўлдириш(ўз жонига қасд қилиш)ни ҳаром қилган. Ҳаёт Аллоҳ томонидан берилган бебаҳо бойлик бўлгани учун уни ҳеч ким бировга миннат ҳам қилолмайди, ман ҳам этолмайди.
Муқаддас Ислом динида бировни ўлдириш қанчалик ёмон ҳисобланса, ўзини ўзи ўлдириш ҳам шунчалик ёмондир. <…> Ўз жонига қасд қилиш Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ҳадиси шарифларида ҳам қаттиқ қораланган.
Пайғамбаримиз ўзини ўзи ўлдирганга жаноза намозини ўқимаганлар. Аллоҳ берган улуғ неъмат – ҳаёт неъматига, буюк инсоний ҳуқуқлардан саналмиш ҳаёт ҳаққига ношукр бўлган, уни оёқости қилган нобакор шахснинг жазоси шундай бўлади. Каломи шарифда: "…борди-ю, ношукрлик қилсангиз, албатта азобим (ҳам) жуда қаттиқдир".