ТОШКЕНТ, 30 мар — Sputnik. Машҳур хонанда ва бастакор, "Ялла" гуруҳи асосчиси, Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокиров XXI умуммиллий дастури доирасида "Йил одами — 2016" мукофотига сазовор бўлди. Тақдирлаш маросими Украинадаги Опера ва балет миллий академик театрида бўлиб ўтди, деб хабар беради "Жаҳон" АА.
Театрга йиғилганлар севимли артистларини илиқ қарши олдилар. Томошабинлар илтимосига биноан Фаррух Зокиров "Чойхона" ва "Учқудуқ" қўшиқларини куйлади ва маросим меҳмонлари уни тик туриб олқишладилар.
"Йил одами" умуммиллий дастури директори Аркадий Райцин Украинада Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон халқ артисти Фаррух Зокировнинг мухлислари жуда кўп эканлигини билдирди.
"Бу ерда яхши мусиқа ва бетакрор ижрочилик замонлар оша яшаб келишини исботлаган "Ялла" гуруҳи ижодини жудаям севишади", — деди у.