ТОШКЕНТ, 24 мар — Sputnik. Шаҳризабзда касб таълими маркази ташкил этиш ишлари бошлаб юборилди, деб хабар қилди наэсми.
"Шаҳарда 60 ўринлик ётоқхонаси бўлган, 240 ўқувчига мўлжалланган Касб таълими маркази қурилиши лойиҳасини амалга ошириш учун Корея Республикаси ҳукуматининг умумий қиймати 8,5 млн АҚШ доллари бўлган гранти жалб этилди", — дейилган хабарда.
Марказ давлат таълим муассасаси ҳисобланади ва бевосита Меҳнат вазирлигига бўйсунади, умумий ўқув-услубий раҳбарлик эса Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг ўрта махсус, касб таълими маркази зиммасига юкланади.Унинг асосий вазифалари, тузилиши, шунингдек профессионал қайта тайёрланганлик ва малака оширганлик тўғрисидаги дипломнинг, марказда қисқа муддатли курсларни ўтаганлик тўғрисидаги сертификатнинг давлат намуналари қарор билан тасдиқланди.
Ишсизлар ва вақтинча банд бўлмаган аҳоли, шу жумладан, касб-ҳунар коллежларини тугатган ва доимий ишга эга бўлмаган шахсларни ўқитиш муддати 1 йилгача бўлган вақтни ташкил қилади. Металлга ишлов бериш ва слесарлик ишлари, электр ва электроника, ахборот технологиялари, тўқимачилик ишлаб чиқариши ва тикувчилик каби йўналиш ва мутахассисликлар бўйича ўқитилади.
Шу билан бирга Марказда иш қидираётган, бироқ меҳнат ташкилотларида ишсиз сифатида рўйхатга олинмаган шахслар, шунингдек, йиллик қабулнинг 15 фоизидан кўп бўлмаган ҳолда иш берувчилар буюртмалари бўйича ҳодимлар малакасини оширишнинг қисқа муддатли пулли курслари ташкил этилади.