ТОШКЕНТ, 23 мар — Sputnik. Самарқанд туманидаги "Шоҳпўлат" фермер хўжалиги аъзолари Чумчуқли маҳалласида яшовчи кам таъминланган Шариф Жалилов хонадонига бир бош сигир туҳфа этди, деб хабар қилди "Зарафшон" нашри.
Нашр шунингдек, Наврўз айёми кунларида Паст Дарғом тумани Қўшқудуқ маҳалласида истиқомат қилувчи Тўхта бобонинг хонадонига жамоатчилик вакиллари келиб, байрам билан қутлади ҳамда Президент совғасини топширгани ҳақида хабар қилган.
"Уч йилдирки соғлиғим яхши эмас, тўшакка михланиб қолдим, – дейди Тўхта бобо. – Қаричилик деймиз-у аммо меҳнат қилиб юрган одам бирдан ётиб қолса, ёмон таъсир кўрсатаркан. Аллоҳга шукур, маҳалла аҳли ҳолимдан хабар олиб турибди. Айниқса, байрам кунларида Президентимиз номидан совға келгани кўнглимни кўтарди, бундай эътибордан хурсанд бўлдик".
"Маҳалла" хайрия жамоат фонди туман бўлими вакили С.Бегимқуловнинг айтишича, ўн бир турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари жамланмасидан таркиб топган совға-салом тумандаги 67 та кам таъминланган оила ҳамда 19 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари оилаларига етказиб берилган.
Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан совға-салом тарқатилиши ажойиб янгилик бўлди. Самарқанд вилоятидаги 928 эҳтиёжманд оила, уруш ва меҳнат фахрийларига шундай совға-саломлар берилган.