ТОШКЕНТ, 23 мар — Sputnik. 26 март куни Москва жомеъ масжидида Қуръон Фестивали бўлиб ўтади, деб хабар қилди Москва мусулмонлари идораси матбуот-хизмати.
Қуръон Фестивали меҳмонларига муқаддас Қуръон ва Ислом динининг энг машҳур кишилари ҳақида ҳикоя қилинади. Шунингдек, меҳмонлар Қуръоннинг гўзал қироатидан баҳраманд бўлиб, Россияда Ислом динининг пайдо бўлиши тарихи ҳақида қизиқарли маълумотларга эга бўлишлари мумкин.
Мазкур тадбирда Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.)нинг масжидда сақланаётган муборак сочлари намойиш этилади.
3000 кв.м. дан зиёд майдонда бадиий кўргазмалар, анъанавий ва замонавий услубдаги Қуръон хаттотлиги, "Қуръондан илҳомланганлар" китоблар кўргазмаси бўлиб ўтади. Шунингдек, дастурга "Соатлик намоз" семинар ва хаттотлик бўйича мастер-класслари киритилган.
Таклиф қилинган меҳмонлар орасида кўзга кўринган сиёсий, диний ва жамоатчилик арбоблари, чет элллик меҳмонлар, шоирлар ва ёзувчилар бўлади.
Москва Жомеъ масжиди Очиқ эшиклар куни кечки соат 22.00 га қадар давом этади ва моҳир ҳофизларнинг қироатлари билан якунланади.