ТОШКЕНТ, 11 окт — Sputnik. АҚШда бир насроний ва бир мусулмон олим Инжил ва Қуръонни чуқур ўрганиб 3 мингдан ортиқ бир-бирига ўхшаш мавзу ва мазмунлар топишди. The Independent нашри ёзишига қараганда, улар ушбу муқаддас китобларни бир китобда нашр қилиб, ўқувчиларга уларнинг бир бирига ўхшаш жиҳатларини кўрсатишмоқчи.
Китоб муаллифлари Дэвид Ньюбери ва Сафи Каскас – дўстлар. Каскас ушбу ишни 10 йил олдин Қуръонни инглиз тилига таржима қилишни бошлаган вақтда бошлаган эди. Иккин дўстнинг фикрига кўра, уларнинг лойиҳаси насроний ва мусулмонлар орасида “ярашув асбоби” бўлади.
“9/11 терактлардан кейин Ғарб жамиятида мусулмонлар ва Қуръонга нисбатан кучли ижтимоий безовталик пайдо бўлган”, — деб ҳисоблайди Каскас.
Олимнинг фикрига кўра, бундай илмий ишни амалга оширишнинг аллақачон вақти келган. Унинг мақсади — янада каттароқ фалокатнинг олдини олиш. Ушбу китоб — дунёнинг энг оммавий динларини одамлар яхшироқ тушунишига ёрдам беришига олимнинг ишончи комил.
“Биз ишонамизки, ушбу китоб одамларга — насронийлик ва мусулмонлик орасида фарқ бўлсада, икки дин вакиллари орасида улкан кўприк борлигини намойиш қилади”, — деди Нюбери.
Масалан, Қуръонда насронийлар пайғамбари Иисус Христос юз мартадан ортиқ Исо пайғамбар номи билан тилга олинган.
Профессор, шунингдек ҳозирги замонда одамлар ислом дини ва насронийлик бир муқаддас ерда пайдо бўлганига ва улар орасида улкан ўхшашлик борлигига эътибор бермаётганидан, афсусда эканлигини ҳам айтиб ўтди.