ТОШКЕНТ, 22 мар — Sputnik. Миллий хавфсизлик хизмати Тошкент вилояти бошқармаси ходимлари Зангиота туманида хорижга ноқонуний тарзда валюта олиб чиқиб кетишга ихтисослашган жиноий гуруҳ аъзоларидан бирини қўлга олишди. Бу ҳақда Sputnik Ўзбекистон мухбирига куч тизими вакили хабар берди.
"47 ёшли Улфатбек Ҳожибеков тошкентлик фуқародан 131,4 минг доллар пулни олаётганида оператив ходимлар томонидан ушланди. Жиноий гуруҳ аъзолари бу пулларни Зангиота туманидаги айланма йўллар орқали Қозоғистонга олиб чиқиб кетишни режалаштиришган", — деди МХХ вакили.
Тезкор-суриштирув тадбирлари натижасида Жанубий Қозоғистон вилоятининг Сариоғоч туманида яшовчи 40 ёшли Тофик Аҳмедов ва 42 ёшли Карим Аҳмедовлар ҳам гуруҳ аъзолари бўлганлиги аниқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 182-моддаси (Божхона қонунчилигининг бузилиши") бўйича жиноят иши қўзғатилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон фуқаролари мамлакатдан ҳеч қандай рухсатсиз 2 минг долларгача нақд пулни олиб чиқиб кетишлари мумкин. Ундан ортиқ миқдордаги валютани олиб чиқиб кетиш учун Марказий банк рухсатини олиш лозим бўлади. Хорижликлар эса Ўзбекистонга келаётганида ўзлари билан олиб келган ҳамда божхона декларациясида кўрсатган миқдордаги нақд пулни олиб чиқиб кетишлари мумкин.