ТОШКЕНТ, 9 мар — Sputnik. Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизмати хорижга контрабанда олиб чиқиб кетаётган навбатдаги қонунбузарни қўлга олди, деб хабар берди куч тизими вакили Sputnik Ўзбекистон мухбирига.
Пойтахт аэропортида Тошкент-Москва рейси йўловчиларидан бири хавфсизлик хизмати ходимларида шубҳа уйғотди. У Россияга почта олиб кетаётган Ўзбекистон давлат фельдъегер хизмати милиция капитани, 48 ёшли Дилшод Шомуқимов бўлиб чиқди.
"Текширув чоғида Д.Шомуқимовнинг курткаси ички чўнтагидан 35 минг доллар, бел қисмидан ҳам 35 минг доллар, галстуги орасидан 4,3 минг россия рубли ва 2,5 минг доллар, курткасининг пастки чўнтагидан 100 доллар топилди. Бундан ташқари, милиция капитани ёнидан Beeline ва Ucell компанияларининг 450та сим-картаси чиқди. Валюта ва сим-карталар божхона декларациясида кўрсатилмаган", — деди МХХ вакили.
Шомуқимовдан процессуал тартибда жами 72,6 минг доллар, 4,3 минг россия рубли ва 450 дона сим-карта мусодара қилинди. Ушбу ҳолат юзасидан МХХ органи томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилди.
Бугунги кунда жиноят олами вакиллари тақиқланган юклар контрабандасида ҳаво кемаларидан тез-тез фойдаланишмоқда. Аэропорт ва самолётларга террорчилик ҳужумлари хавфи ҳам ортиб бормоқда.
Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати маҳаллий ва хорижга қатновчи самолётлар хавфсизлигини таъминлаш учун тегишли чораларни кўрмоқда.
МХХ шунингдек, аэропортлар орқали товар-моддий бойликлар, хорижий валюта, қимматбаҳо металлар, заргарлик буюмлари ва дори-дармонларнинг ноқонуний олиб ўтилишига қарши муваффақиятли кураш олиб бормоқда, гиёҳвандлик ва психотроп моддалар ташувининг олдини олмоқда.