ТОШКЕНТ, 21 мар — Sputnik. Шу йилнинг 1 апрель куни Тошкентдаги "Зарқайнар" Модалар уйи галереясида "Agro Food Forum 2017" Халқаро форуми ўтказилади, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси матбуот хизмати.
"Ўзбекистон озиқ-овқат маҳсулотлари — жаҳон бозорида" мавзуида ўтказиладиган мазкур форумда республикадаги тадбиркорлик субъектлари мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш борасида замонавий технологиялар билан танишадилар.
Шу билан бирга озиқ-овқат саноатида ишлаб чиқаришни ташкил этишда юқори сифатни таъминлаш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ошириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича фикр алмашадилар.
Форумга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш, қадоқлаш ва экспорт қилишга ихтисослашган фермер хўжаликлари, агрофирмалар, қайта ишловчи кичик саноат корхоналари ҳамда мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти билан шуғулланувчи ихтисослашган корхоналар таклиф этиладилар.
Мазкур форум "General Machinery Group" компанияси томонидан ташкил этилмоқда.