ТОШКЕНТ, 16 мар — Sputnik. Бугун "Ўзэкспомарказ"да олтита ихтисослашган халқаро кўргазма иш бошлади деб хабар қилмоқда Тошкент ҳокимияти ахборот хизмати.
Ушбу кўргазмалар Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Автомобиль йўллари давлат қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, "Ўзкимёсаноат" акциядорлик жамияти, Тошкент шаҳар ҳокимлиги «IEG Uzbekistan» кўргазма компанияси ёрдамида ташкил этилган.
Бирлашган тадбир "UzMetalMash" — металлургия, металлга ишлов бериш, машинасозлик ва пайвандлаш, "UzTechTransExpo" — махсус техника, транспорт ва логистика хизматлари, "UzMiningExpo" — тоғ-кон саноати учун технология ва ускуналар, "UzChemPlastExpo" — кимё саноати, пластмасса ва каучук ишлаб чиқариш, "UzSecureExpo" — хавфсизлик тизимлари, меҳнат муҳофазаси ва ёнғин хавфсизлиги ҳамда "InterPackExpo" — қадоқлаш саноати ва омборга жойлаш соҳаларига ихтисослашган кўргазмалари ўтказилмоқда.
Ушбу форумда қатнашиш учун Германия, Буюк Британия, Хитой, Жанубий Корея, Туркия, Эрон, Беларусь, Украина, Россия, Словения, Чехия каби давлатлардан олтмишга яқин компания вакиллари келишган.
Бу сафар бирлашган кўргазма ўтказиш ғояси тасодифан танланган эмас. Кўргазмаларнинг асосий мақсади ишбилармонлик мулоқотлари ва коммуникациялари учун қулай шароитлар яратиш, шунингдек, ишлаб чиқаришнинг турли тармоқларида замонавий саноат имкониятларини намойиш этишдир. Турли соҳаларни бирлаштириб кўргазма ўтказиш бир лойиҳада саноатнинг турли тармоқларини қамраб олиш имконини беради.