ТОШКЕНТ, 20 мар — Sputnik. 21 март куни Новосибирск шаҳри мэри Анатолий Локоть ва Ўзбекистоннинг Россиядаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Баҳром Ашрафхонов учрашуви бўлиб ўтади. Бу ҳақда мэрлик матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ўзбекистон делегацияси таркибида шунингдек, республиканинг Новосибирскдаги бош консули Равшанбек Матчонов, элчининг савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси Отабек Бобоев, Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, "Ўзпахтасаноатэкспорт" холдинг компанияси бошқаруви раиси Акмал Камолов (2014-2015 йилларда Ўзбекистоннинг Россиядаги собиқ элчиси) бор.
Учрашувда Ўзбекистон ва Новосибирск ўртасидаги икки томонлама алоқаларни ривожлантириш ва иқтисодий ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинади.
Ўзбекистон делегацияси Новосибирскдаги қатор корхоналар, "Новосибирск" агропарки, саноат-логистика парки, "Новосибирск-Экспоцентр" кўргазма мажмуасига ташриф буюриши ҳамда халқаро давра суҳбатида иштирок этиши кўзда тутилган.