ТОШКЕНТ, 20 мар — Sputnik. Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди томонидан ташкил қилинган АҚШ ва Европа олий таълим муассасаларида 2017-2018-ўқув йилида магистратура босқичида таҳсил олиш учун грантлар саралаш конкурсининг якуний босқичи бўлиб ўтди. Бу ҳақда фонднинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилинди.
Мазкур саралаш босқичида илк босқичда ўтказилган чет тили ва танланган мутахассислик бўйича имтиҳонларни муваффақиятли топширган талабалар қатнашди.
Навбатдаги синов имтиҳонлари British Counsil минтақавий ваколатхонасининг IELTS сертификатини олиш учун ўтказилди.
Саралаш танловининг якуний натижалари Фонднинг расмий сайтида (www.fondkarimov.uz) апрель ойи охирида эълон қилинади.
Ислом Каримов жамоатчилик хайрия фондига Ўзбекистон мустақиллиги асосчиси ва Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг хотираси ва ҳаётда амал қилган тамойилларини абадийлаштириш мақсадида 2016 йил асос солинган.
Фонд истеъдодли ёшларга Ўзбекистон ва хорижий давлатларнинг энг илғор олий ўқув юртларида таълим олиши учун грантлар тақдим этади.
Фонд қайта тикланувчи энергия манбалари, кимё, сув ва ер ресурсларини бошқариш, машинасозлик технологиялари, озиқ-овқат технологиялари, озиқ-овқат хавфсизлиги, озиқ-овқат ишлаб чиқариш ва маркетинги, шаҳарсозлик, тарихий обидаларни муҳофаза этиш ва қайта тиклаш, маҳсулот дизайни, саноат ва меъморчилик дизайни ва рассомчилик йўналишлари бўйича ўқиш учун грантлар ажратади.