Ислом Каримов хайрия фонди хорижда ўқиш учун биринчи танлов эълон қилди

Oбуна бўлиш
Ислом Каримов номли хайрия жамоат фонди Европа ва АҚШ ОТМларида магистр даражасида таълим олиш учун биринчи танловни эълон қилди.

ТОШКЕНТ, 8 янв — Sputnik. Ислом Каримов хайрия жамоат фонди Европа ва АҚШ ОТМларида таълим олиш учун биринчи танловни эълон қилди, дейилган фонд расмий саҳифасида.  

Танловда Ўзбекистон ва чет элдаги ОТМларни бакалавр даражасини муваффақиятли битирган, хорижий тилларни биладиган иқтидорли ва истеъдодли йигит-қизлар иштирок этиши мумкин.

Танлов қуйидаги мутахассисликлар бўйича ўтказилади: табиий фанлар (қайта тикланувчи энергия манбалари, кимё), сув ва ер ресурсларини бошқариш, машинасозлик технологиялари, озиқ-овқат технологиялари, озиқ-овқат хавфсизлиги, озиқ-овқат ишлаб чиқариш ва маркетинги, архитектура (шаҳарсозлик, тарихий обидаларни муҳофаза этиш ва қайта тиклаш), дизайн (маҳсулот дизайни, саноат ва меъморчилик дизайни) ва рассомчилик.

Хабарда айтилишига кўра, Ислом Каримов Фонди грантлари юқордаги мутахассисликлар бўйича Европа ва АҚШ ОТМларининг магистратура босқичида таҳсил олиш учун тақдим этилади.

Чет элда икки йилгача бўлган ўқиш ва яшаш харажатларини Фонд тўлалигича ўз зиммасига олади. Танловда иштирок этиш учун ҳужжатлар иш кунлари соат 9-00 дан 13-00 гача Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Мовароуннаҳр кўчаси, 24-уйда қабул қилинади. Маълумотлар учун тел: +99895 1980122.

Ислом Каримов Фонди Ўзбекистоннинг тарихий, маданий ва адабий меросини тарғиб қилишга мўлжалланган дастурларни амалга оширишдан иборатдир. Шунингдек, Фонд ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини ривожлантиришга, олий ўқув юрти ва мактаб мураббийлари ҳамда тиббиёт ходимларининг касбий малакаларини оширишга йўналтирилган турли илмий-маърифий, маданий дастур ва лойиҳаларни амалга оширади.

Янгиликлар лентаси
0