Sputnik, Лев Рижков
Қиролича ва маликалар
Бу йил турнир Москва давлат халқаро муносабатлар институтининг спорт мажмуасида бўлиб ўтмоқда. Мусобақа ўтаётган мажмуадан сал нарида бўлажак дипломат ва сиёсатчиларга кўзингиз тушади. Балки бу ҳам рамзий маънога эгадир, зеро турнирга чет элдан ҳам спортчилар келган.
Спорт мажмуаси ёш спортчилар, уларнинг мураббийлари, ота-оналар, томошабинлар билан тўлиб-тошган. Байрамона муҳит. Якка чиқишлар бўйича ғолиблар номи эълон қилиниши керак.
Мусобақага келган қизларнинг барчаси гўзал. Уларнинг аксарияти бўлажак чемпионлар, тез орада йирик халқаро мусобақаларда уларнинг номлари янграйди. Уч юздан ортиқ спортчи қизлар залда саф тортишди. Улар эртаклардаги балга ташриф буюрган соҳибжамолларни эслатишади.
Ва умуман олганда, буни бал деб атаса ҳам бўлади. Бал қироличаси эса жаҳон ва Европа чемпионатларининг беш марта олтин медал совриндори, "Ватан олдидаги хизматлари учун II даражали" орден кавалери, афсонавий спортчи ва таниқли телебошловчи Яна Батиршина. Энг зўр спортчиларга совринларни айнан у топширади.
Қизлар мукофотни қабул қилиб олиш учун худди маликалардек қадам босиб келишади. Ҳайъат фақатгина россиялик спортчилар чиқишларини эътироф этгани йўқ. Ўзбекистонлик ёш спортчи қизлар ажойиб натижа кўрсатишди. 2009 йилда туғилган қизлар ўртасидаги якка чиқишлар бўйича биринчи ва иккинчи ўринларни айнан тошкентлик қизлар эгаллашди. 2008 йилда туғилган қизлар ўртасидаги мусобақада кумуш медал ҳам ўзбекистонлик спортчига насиб этди.
Мана, олқишлар янгради. Байрам соҳибаси Яна Батиршина ғолибаларга кубок ва совғаларни топширди. Sputnik мухбири Яна билан суҳбатлашди.
Киндик қони тўкилган юрт
- Яна, чет давлатлардан кўп спортчи келдими?
— Турнир расман очиқ деб номланади, лекин амалда халқаро мақомга эга. Ўзбекистондан ташқари Украинадан жамоа келди. Днепрдан. Ва бу жуда яхши. Гап шундаки, сиёсий келишмовчиликлар сабабли икки йил давомида украиналик спортчилар мусобақада қатнашишмади. Унгача эса икки-учтадан жамоаси иштирок этарди.
- Белорус ва қозоғистонлик қизлар ҳам қатнашиши айтилганди.
— Афсуски, охирги лаҳзаларда улар касал бўлиб қолишди. Ҳар икки жамоанинг ҳам тенг ярим аъзолари касал бўлиб қолгани учун улар кела олишмади. Турнирда жами бўлиб 54 жамоа, уч юздан ортиқ гимнастикачи қизлар қатнашмоқда.
- Ўзбекистонлик спортчилар мунтазам равишда юқори натижаларни кўрсатишмоқда. Ўтган йили улар олтин медалларни қўлга киритишганди.
— Ҳа! Ўзбекистон жамоаси ҳар доим қойилмақом иштирок этади. Ўтган йили Ўзбекистондан учта жамоа қатнашганди. Бу йил эса битта. Эҳтимол, молиявий сабабларга кўрадир. Чунки спортчилар ўз ҳисобларидан ташриф буюришади. Эҳтимол, турнир дам олиш кунлари эмас, иш кунлари бўлиб ўтаётганлиги ҳам сабаб бўлгандир.
Ўзбекистонлик спортчи қизлар кўпинча россиялик гимнастикачилардан ҳам кўра яхшироқ чиқиш қиладилар. Масалан, бугун ўзбек гимнастикачиси ғолиб бўлди. Ва албатта у бунга ҳақли тарзда эришди! Тўғрисини айтсам, кеча унинг чиқишларидан барчамиз ҳайратда қолдик. Чунки Самира Солиева тасаввур қилиб бўлмайдиган даражадаги машқни ижро этди. Ўзбек мактаби шуниси билан ажралиб туради.
Мен ўзим ҳам тошкентликман. Алина Кабаева ҳам. Томиримда ўзбек қони оқмаса-да, ўзбекистонликлар менинг қондошларим. Тошкентлик қизлар юқори натижа кўрсатишмоқда. Ўзбекистон номини шарафлаш уларнинг бурчи.