ТОШКЕНТ, 16 мар — Sputnik. Тошкент вилояти ҳокими Шукурулло Бобоев Россиянинг Ленинград вилояти губернатори Александр Дрозденко билан учрашди. Бу ҳақда Ленинград вилояти маъмурияти матбуот хизмати хабар берди.
Томонлар учрашув давомида савдо-иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги ҳамкорликни муҳокама қилдилар ҳамда вилоятлар ўртасида қардошлик алоқаларини ривожлантириш мақсадида битим тузишга қизиқиш билдирдилар.
Дрозденко Ленинград ва Тошкент вилоятлари ўртасидаги тархий муносабатларни алоҳида қайд этиб ўтди. У агросаноат, туризм, спорт соҳалари, ўқув юртлари, маданият муассасалари ва корхоналар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболли йўналишлардан эканлигини эътироф этди.
"Биз ўзаро алоқаларни тўғридан-тўғри "халқ дипломатияси" орқали мустаҳкамлашимиз лозим", — деди губернатор.
Шукурулло Бобоев қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етказиб беришни кенгайтириш, корхоналар ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш ва туристик алмашувлар ҳажмини ошириш режалаштирилганини билдирди.